БУХОРОДА ЯНА БИР ИЛМ МАСКАНИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ
10 ноябр 2017 й.
106 марта ўқилди.

 БУХОРОДА ЯНА БИР ИЛМ МАСКАНИ ФАОЛИЯТ БОШЛАДИ

Бугун юртимиз ҳаётининг турли жабҳаларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Жумладан, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳамда маънавий ҳаётда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жорий йил 15 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Тошкент шаҳрида ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги  видеоселекторда аҳоли, айниқса, ёшларни бузғунчи ғоялар таъсиридан ҳар томонлама ҳимоя қилиш, уларни ватанга муҳаббат, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, буюк аждодларимиз қолдирган бой илмий меросни ҳар томонлама ўрганиш, уларни кенг жамоатчиликка етказиш, турли оқимларнинг ёт ғояларига қарши асосли раддиялар тайёрлаш мақсадида Самарқанд вилоятида ҳадис ва калом илми, Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухоро вилоятида тасаввуф мактаби, Қашқадарё вилоятида ақида мактабларини ташкил этиш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
Мазкур кўрсатмалар ижросини таъминлаш ҳамда маънавият ва маърифатга ошно халқимиз орзу-истаклари рўёби йўлида Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди.
 
                                                           
Тасаввуф мактабида тингловчиларга асосан нақшбандия таълимоти ўргатилади. Шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан ва аҳолимиз ўртасида кенг тарқалган, мамлакатимиз тарихида ўзига хос ижтимоий-маданий аҳамият касб этган кубровия яссавия ҳамда қодирия тариқатлари ўрганилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Тасаввуф мактабида қуйидагилар ўқитилади.
 
                                                         
Дарсларда тасаввуф шайхлари, хусусан, нақшбандия шайхларининг ҳаёт йўллари, турмуш тарзи ҳақидаги китоблар ўқитилади.
Тариқат пирлари томонидан насиҳат сифатида айтилган ва соликларни тарбиялашга қаратилган ва бугунги кунда ҳам ўзининг тарбиявий аҳамиятини йўқотмаган ҳикматли сўзлар шарҳланади. Руҳий тарбияга оид китоблар ўқитилади.
Тингловчиларга мунтазам равишда араб ва форс тилидан сабоқ берилади, тарихий манбаларни ўқиш жараёнида тил қоидалари тушунтирилиб, билим ва кўникмалари мустаҳкамлаб борилади.
 
                                                            
                                     
Замонавий тасаввуфшунослик фанида тасаввуф таълимоти борасида амалга оширилган замонавий илмий тадқиқотлар, нашрлар, замонавий тариқатчилик ҳаракатлари хусусида сўз юритилади. Ўзбекистондан етишиб чиққан тасаввуфшунос олимлар Азиз Қаюмов, Ориф Усмон, Нажмиддин Комилов, Ҳомиджон Исломий, Садриддин Салим Бухорий, Абдуғафур Раззоқ Бухорий, Б.Бобожонов, Э.Каримов; Россиялик олимлар О.Акимушкин, Е.Бертельс, Н. Семёнов, А.Хисматуллин; Наждат Тусун, Маҳмуд Асъад Жушон, Ҳасан Комил Йилмаз; Ғарб Шарқшуносларидан Ю.Пауль, Х.Алгар, Ж.Гросс, Ж.Тримингем, Анке фон Кюгелген кабиларнинг илмий тадқиқотлари ҳақида маълумотлар берилади. 
                                                           
Бундан ташқари тасаввуф илмий мактаби фаолиятининг истиқболдаги режалари қаторига илмий ишлар ва тасаввуфга оид асарлар таржимаси ҳамда уларни чоп қилиш ишларини ҳам киритиш мумкин. Буларга Гулчеҳра Наврўзова, Зоиров Эркин, Ҳалим Тўраев, Бобир Намозов, Самад Азимов ва бошқа бир қатор мутахассисларнинг араб, форс ва немис тилларидаги китобларни ўзбек ва рус тилларига таржима ва шарҳлар қилиниб нашрга тайёрланаётганини мисол қилиш мумкин. 
                                                                                                                           
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Бухоро вилоятидаги вакили ушбу илмий мактабнинг раҳбари Мансур Нуруллаев, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира, таржимон журналист Ибодат Ражабова, Бухоро Давлат бадиий меъморчилик музей қўриқхона ҳузуридаги араб ёзувидаги қўлёзмаларни ўрганиш илмий маркази мудири Ахмедов Ахтамлардан иборат таржимонлар жамоаси сифатида иш олиб бориб, бир қатор китобларнинг таржима қилиниши тасаввуф илмий мактабининг истиқболдаги режаларини кўрсатади. 
 
 
  ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги 
                  матбуот хизмати
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:40
Куёш: 07:34
Пешин: 13:10
Аср: 15:55
Шом: 17:35
Хуфтон: 18:55
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram