Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Рамазон ҳайити табриги
05 июн 2019 й.
32 марта ўқилди.

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Рамазон ойининг рўзасини бандаларига фарз қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!Рамазон ойининг тунларида бедор бўлишни умматига суннат қилиб қолдирган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!Азиз ватандошлар, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан Сизларни улуғ айём – муборак Рамазон ҳайити муносабати билан чин қалбдан, самимий муборакбод этамиз.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки, Рамазони шариф рўзасини адо этишни насиб қилди. Мўмин-мусулмонлар субҳидамда саҳарлик дастурхони атрофида ибодатга киришдилар, файзли оқшомларда эса ифторлик қилиб, таровеҳ намозларига ошиқдилар, юртимиздаги масжидларда хатми Қуръонлар ўқилди.
Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: 
“Ким Рамазон рўзасини фарзлигига ишониб, савоб умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади. Ким Рамазон кечаларида иймон билан, савоб умидида ибодат ила бедор бўлса, ўтган гуноҳлари кечирилади”, деб марҳамат қилганлар.
Минг шукрлар бўлсинки, бу йил 2000 мингдан зиёд масжидда таровеҳ намозлари, 1200 дан ортиқ масжидда хатми Қуръонлар бўлиб ўтди. Қориларимиз йилдан-йилга кўпайиб бориши билан бирга хориж мамлакатларида, хусусан, АҚШ, Россия ва Малайзия давлатларида хатми Қуръонга ҳам ўтдилар.
Кейинги йилларда Ислом динини равнақ топтириш борасида мамлакатимизда жуда кўп ишлар қилинмоқда. Жумладан, Имом Бухорий ва Имом Термизий номларидаги халқаро илмий марказлар, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани, Мусҳафи шариф нашр қилингани шу йўлдаги улкан қадамлар бўлди.

Жорий йилда Самарқанд вилоятида Ҳадис илми мактаби ташкил этилгани илм-маърифатга чанқоқ ёшларимизга жуда катта имконият бўлди.
Якунига етаётган Рамазони шариф бу йил ҳар қачонгидан ҳам фазилатли ва барокотли бўлди. Бу йилги Рамазони шариф ойининг аввал бошида марҳум ва мағфур Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳамда азиз авлиё зот Сузук ота масжид-мажмуаларининг қуриб битказилиб, мўмин-мусулмонлар ихтиёрига топширилиши халқимиз қалбига катта сурур бағишлади.

Хайр-саховат, меҳр-мурувват ойи бўлмиш Рамазони шарифда мўмин-мусулмонларнинг ҳиммати баланд, шижоати юксак бўлди, қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар, кексалар, беморлар, муҳтожлар кўнгли олинди, Аллоҳ таоло фарз қилган закотлар адо этилди, фитр садақаси ҳамда фидялар берилди.
“Вақф” фонди томонидан ҳам икки миллиардга яқин закот маблағлари тарқатилиб, ёрдамга муҳтож кишиларнинг қалбларига қувонч улашилди. 
Энди йил давомида мана шундай олийҳимматлик ва қўли очиқлик қилишда бардавом бўлайлик.

Табаррук айём арафасида озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида муҳтарам Президентимизнинг фармонлари қабул қилингани халқимизга хос кечиримлилик ва меҳр-шафқат фазилатларининг яна бир яққол намоёни бўлди.
Давлатимиз Раҳбари томонидан муборак Рамазон ойида яна бир хайрли, улкан аҳамиятга эга инсонпарварлик иши амалга оширилди. 
156 нафар ватандошимиз, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан юртимизга қайтарилди.
Алдов оқибатида ўзга юртга бориб қолиб, оғир ҳаётий даврни бошидан ўтказган бу инсонларга ҳукуматимиз томонидан тиббий, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг тинч ҳаётга қайтиб, жамиятга мослашишлари учун зарур шароит яратилди, бошпана ва иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Ҳеч шубҳасиз, бу иш билиб-билмай нотўғри йўлга кирган инсонларни кечириш, уларни оиласи бағрига, тўлақонли ҳаётга қайтаришга қаратилган тарихий воқеадир.
Донишмандлардан бир «Бир ғариб кўнглини қила олсанг шод, Яхшидир ер юзин қилгандан обод», дейдилар.
Бизлар шундай берилган неъматларнинг қадрига етиб, динимиз ривожига кўрсатилаётган шароитларни Аллоҳ таборака ва таолонинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини ҳамиша адо этишимиз лозим. 
Бундай улуғ савобли ишларга бош бўлган муҳтарам Президентимиз ва бу ишларга самимий ёндошган мутасаддиларга мўмин-мусулмон халқимиз номидан чексиз миннатдорлик изҳор қиламиз.

Азизлар, бугун катта байрам – Рамазон ҳайити Ислом динимизнинг учинчи рукни бўлмиш рўза ибодатининг адо этилиши муносабати билан нишонланадиган улуғ байрам, қувончли воқеадир. Зеро, ҳар бир мўмин-мусулмон учун Роббининг ибодатини адо этиш чинакам бахту саодатдир. Шунинг учун бу байрам иймон ҳаловати байрами, ибодат байрамидир.
Рамазон ойидан барча гуноҳларидан пок бўлиб чиққан мўмин-мусулмонларга жаннатнинг Райён дарвозасидан кириш бахти насиб этиши башорат қилинган.
Имом Бухорий ҳазратлари ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Жаннатнинг бир эшиги бор, у Раййон деб аталади. Қиёмат куни ундан фақат рўзадорлар киради, улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Рўза­дорлар турадилар...”, деб марҳамат қилинган.
Муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди. Ушбу қарорда белгиланган вазифалар Рамазон ҳайитини юртимизда жуда ҳам кўтаринки руҳда ўтишига асосий омил бўлади. 
Азизлар юртдошлар, яна бир бор Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу дамда, қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик: Илоҳо, бизга истиқлол ва тинчликдек улуғ неъматларингни бердинг, бу неъматларни то Қиёматгача бардавом қилгин. Элини, юртини янги марралар сари дадил етаклайдиган ва динингни азиз қиладиган раҳбарни бердинг, у кишини Ўз ҳифзу ҳимоятингда асрагин, олиб бораётган ишларида Ўзинг ёру мададкор бўлгин! Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзинг сақлагин. Ҳаётимизни бундан-да фаровон қилгин.
Азизлар юртдошлар, Рамазон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:25
Куёш: 05:08
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram