Вилоят ҳокими бухоролик жаҳон чемпионати иштирокчиларига оқ йўл тилади
05 октябр 2021 й.
672 марта ўқилди.

 
Вилоят ҳокими бухоролик жаҳон чемпионати иштирокчиларига
оқ йўл тилади

Маълумки, 26-октябр — 6 ноябрь кунлари Сербиянинг Белград шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасида 2021 йилги жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.
Ҳар икки йилликнинг нуфузли мусобақасида спортчилар 13 та вазн тоифасида рингга кўтарилишади. Эътиборлиси, мазкур жаҳон чемпионатида мамлакатимиз терма жамоаси таркибида 5 нафар бухоролик чарм қўлқоп усталари Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилишади. 
Хусусан, Рио Олимпиадасининг кумуш медали соҳиби, 2017 йили Тошкентдаги Осиё чемпионати ва Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионати ғолиби Шаҳрам Ғиёсов 67 кг, Рио Олимпиадасининг олтин медали соҳиби, 2019 йил Россиянинг Екатеринбург шаҳрида профессионал бокс бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ғолиби Шаҳобиддин Зоиров 54 кг, 2018 йилда ёшлар ўртасида ўтказилган олимпия ўйинлари ғолиби Абдумалик Халоқов 60 кг, жорий йилда Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳри мезбонлик қилган Осиё чемпионати ғолиби Саиджамшид Жафаров 75 кг ҳамда  кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Одилжон Аслонов 80 кг вазнда чемпионлик учун курашишади.
Чемпионатга сўнгги тайёргарлик Тошкент шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилган. Шу муносабат билан бугун, 5 октябрь куни вилоят ҳокимлигида боксчилар ва уларнинг мураббийлари вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг қабулида бўлишди. 
–Нуфузли мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг асосий қисми Бухоро вилоятидан эканлигини барчамизни қувонтирди. Ушбу катта ишонч биринчидан, бизга катта масъулият юкласа, иккинчидан, сизларда ғалабага бўлган интилишни янада кучайтиради, деб ўйлайман. Бундан ташқари, Бухоро спортчилари баҳодирлиги билан ҳам ном қозонган. 2016 йилда Бразилияда бўлиб ўтган олимпиада ўйинлари ҳам буни яққол исбатлайди. Мазкур олипиада ўйинларида Шаҳобиддин Зоировнинг олтин, Шаҳрам Ғиёсовнинг кумуш медални қўлга киритиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтганини ҳаммамиз яхши эслаймиз. Сербиядаги чемпионат ҳам биз учун хайрли бўлади, деб ўйлайман. Чемпионлик йўлида барчангизга омад тилайман, – деди Ботир Зарипов мулоқотда.
Учрашувда вилоят прокурори Маҳмуд Истамов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Ботир Шаҳриёров ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди. 
Чемпионат ғолиб ва совриндорлари ҳамда мураббийлар муносиб рағбатлантирилиши айтиб ўтилди.
Боксчилар ҳам кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун ўз миннатдорликларини изҳор қилишди. Чемпионатда муносиб иштирок этиб, билдирилган ишончни оқлашга ваъда беришди.  
Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда мазкур мусобақа Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтганди. Ўзбекистонлик боксчилар ушбу мусобақада 3 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни қўлга киритганди.
 

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:07
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram