Янги сайт ишга тушди
25 сентябр 2018 й.
166 марта ўқилди.

 

 Янги сайт ишга тушди


Қадрдон ватандошлар, илму маърифатга чанқоқ ёшлар! Яратганга тасаннолар айтамизки, жаннатмонанд юртимиз кундан-кун чирой очиб, тарихий обидаларимиз тикланиб, миллий ва диний қадриятларимиз ўзини намоён этмоқда.
Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан ўз кашфиётлари ила олам аҳлини лол қолдирган, дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган, маърифат тамал тошини қўйган буюк аждодларимизнинг ўлмас меросларини ўрганиш ва ёш авлодга етказиш йўлга қўйилди. Уларнинг зарҳал ҳарфлар билан битилган асарлари, пурмаъно ҳикматлари, қимматли ўгитларини кенг оммага ҳавола қилиш борасида ўтган қисқа вақт мобайнида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилди.
Шулар жумласига Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли қадимий ва навқирон Бухорои шарифдаги маълум ва машҳур, беш асрдан буён илм зиёсини тарқатиб келаётган, замонамизнинг кўзга кўринган алломалари, қорилари, имомлари таҳсил олган Мир Араб мадрасасининг диний, маънавий-маърифий www.mirarabmadrasa.uz. веб-сайтини ҳамда @mirarabmadrasa телеграмм каналини ҳам қўшиш мумкин. (Манзили: Бухоро шаҳри, Хўжа Нуробод кўчаси, 16-уй).
Энди сиз мазкур веб-сайт ва телеграмм канали орқали илму маърифат дарғаларининг ҳаёт ва ижодлари, илмий мерослари, авлодларнинг комил инсон бўлиб вояга етишлари борасида қилган панду насиҳатларидан баҳраманд бўласиз, иншааллоҳ.
Шунингдек, Қуръони карим оятларининг тафсири, уларнинг фазилати, ҳадиси шарифларнинг мазмуни, ҳаётий воқеалар, ибратли ҳикоялар, Қуръони каримнинг ҳузурбахш тиловатлари, қалбингизга таскин берадиган салавотлар, намоз вақтлари, фиқҳий савол-жавоблар, ақидавий масалалар, араб тилини мустақил ўрганмоқчи бўлганлар учун шу тил қоидалари, луғат ва матнлар ҳамда ислом тарихига оид қимматли маълумотлардан воқиф бўласиз. Мударрис ва талабаларнинг илмларидан, ижод қирраларидан баҳраманд бўласиз. Шу билан бир қаторда ўзингизни қизиқтирган саволларга жавоб топасиз.
Назм гулшанига саёҳат қилиб, наср уммонидан дуру марварид теришингизга ишонамиз.
Дарвоқе, веб-сайт ва телеграмм каналида келтирилган маълумотлар асослилиги, жозибадорлиги, қолаверса, аҳолининг барча қатламига мўлжалланганлиги билан ҳам қизиқ.
Унда сиз – азизларга, устозу мураббийларга, ўқувчи-талабаларга, мустақил ҳаёт остонасида турган ёшларга, қолаверса, ота-оналарга асқотадиган хилма-хил, ранго-ранг янгиликлар барчага манзур бўлади, деган умиддамиз.
Каналга уланиш учун www.mirarabmadrasa.uz. (телеграмга уланиш учун @mirarabmadrasa) линкни босинг ва яқинларингизга ҳам улашинг. Яхшиликка далолат қилиб, Яратганнинг раҳматига сазовор бўлинг.

ЎМИ Бухоро вилояти вакиллиги
матбуот хизмати
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:05
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram