Зиёрат туризмини ривожлантириш имконияти яратилмоқда
06 декабр 2017 й.
47 марта ўқилди.

 Зиёрат  туризмини ривожлантириш имконияти яратилмоқда

                  2017 йил 4 декабр куни Бухоро  шаҳрида  меҳмон бўлиб турган Доктор Насриддин Умар бошчилигидаги Индонезия давлати делегацияси билан Бухоро вилоят масъуллари ўртасида зиёрат туризмини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича  давра  сухбати  ўтказилди.

                 Давра сухбатида Бухоро вилояти ҳокимининг дин ишлари бўйича ўринбосари Зокир Ҳидоятов,  туризмни ривожлантириш масалалари бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шахриёров,  вилоят бош имом хатиби Мансур   Нуруллаев ҳамда  Баҳоуддин Нақшбанд масжиди имом хатиби Ғафур  Раззоқов  қатнашди.

                Бухоро вилояти ҳокимининг дин ишлари бўйича ўринбосари Зокир Ҳидоятов Ўзбекистонда  мустақиллик  йилларида диний  соҳада амалга  оширилган  ислоҳотлар  хусусида, Туризмни ривожлантириш масалалари бўйича вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Шахриёров эса Бухоро заминида  зиёрат туризмини ривожлантириш учун кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганлиги ҳақида, Вилоят бош имом хатиби Мансур Нуруллаев   Нақшбандия тариқатининг моҳияти  ҳақида  батафсил   сўзлаб  берди.

                Делегация  раҳбари, Доктор Насриддин Умар Индонезиядаги тўққиз юз минг масжидни назорат қилувчи “Истиқлол” масжиди имом хатиби ва ўз навбатида мазкур масжид имом хатиби Президентнинг дин ишлари бўйича маслаҳатчиси  ҳамда  “ Ал-Қуръон” институти ректори  ҳам  ҳисобланади.

                 Насриддин Умар жанобларининг маълум қилишича, бугунги кунда Индонезияда бир миллиондан ортиқ масжид ва  қирқ мингдан  ошиқ  мадраса  бор,  ҳар ой    Индонезиядан уч юз минг киши Умра зиёрати боради.  Илгари Ироқ ва Сурия орқали амалга оширилган сафар, ушбу давлатлардаги нотинчликлар сабаб ҳозирда Туркия орқали амалга ошмоқда.

                Меҳмоннинг таъкидлашича, юртимиздаги мавжуд шарт-шароитларни ҳисобга олганда Умрага Самарқанд ва Бухоро орқали бориш кўп томонлама маъқул танловдир. Алломалар, буюк тарихий шахслар яшаб ўтган заминга келиб, зиёратларни амалга оширгач, Саудия Арабистонига учишни хоҳловчилар Индонезияда кўпчиликни ташкил этади.

               Аҳамиятли масалалар муҳокама этилар экан, Насриддин Умар жаноблари ўз фикрини қуйидагича баён қилди:

“Ўзбекистон шундай тарихга эга эканки, ҳали  кўп давлатлар буни билмас экан. Мен ташриф давомида Самарқанд ва Бухорони  тарихини, унинг урф – одатларини кўриб ўрганар эканман, агар  мен каби  бутун дунё мамлакат  аҳолиси ҳам  шундай  бой  тарихга  ҳамда  маънавиятга бой  диёр  эканлигини билса, албатта  Ўзбекистон мамлакатига  зиёратга  келадиганларнинг  сони  ортиб  бораверади. Ҳукуматингиздан Жакартадан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиб беришларини сўрайман. Шундай қилинадиган бўлса, биз томондан келадиган сайёҳлар оқими сезиларли даражада кўпаяди.

            Биз Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишидан манфаатдормиз. Чунки иккала давлатнинг мусулмон аҳолисининг деярли барчаси Мотуридийя ақидаси асосида  яшайдиган суннийлардир. Индонезия  аҳолисининг  қирқ миллиони  тариқатга  эргашиб, шундан  бир ярим миллиони  Нақшбандийя  тариқатига  эргашувчилар  ҳисобланади.     

               Бугунги кунда Индонезия халқи 250 миллиондан ошди ва уларнинг 90  фоизини мусулмонлар ташкил этади. Агар умрага борувчиларни Ўзбекистон орқали олиб ўтишга эришилса, туризмни ривожланиши учун жуда катта ўзгариш бўларди. Халқимиз улуғ зотлар хоки қўним топган замин ҳавосидан баҳраманд бўлиб, улуғ сафарга отланиш бахтига муяссар бўлар эдилар.”

               Делегация  раҳбарининг сўзларини тасдиқлаган ҳолда, делегация аъзоларидан  Триесна  Бачук хоним  ҳам  Индонезияда  туризм  мактаблари  мавжудлигини алоҳида  таъкидлаб,  мазкур  мактаб  вакиллари  Ўзбекистонда  туризмни  ривожлантириш учун  доимо  амалий  ёрдам  беришга тайёр  эканлигини билдирди.

            Ўз навбатида вилоят масъуллари ҳам Индонезия билан ҳамкорликни ривожлантириш кўп томонлама манфаатли бўлиши ҳамда делегация аъзоларининг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари инобатга олинишини маълум қилиб,  эсдалик  совғаларини  улашдилар.

             

ЎМИ  Бухоро  вилояти вакиллиги

Матбуот хизмати

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:53
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:30
Хуфтон: 18:50
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram