Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қуддису сирриҳу
02 март 2020 й.
1533 марта ўқилди.

 
Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қуддису сирриҳу

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қуддису сирриҳу Вобкент туманига қарашли Фағна қишлоғида таваллуд топади. Бу қишлоқнинг ҳозирги номи Анжирбоғдир.
Бу зоти шариф ХIII-асрда яшаб ўтганлар. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қуддису сирриҳунинг касблари гилкор (лой-сувоқ ишлари билан шуғулланувчи) бўлган. Бу зоти шариф ўрта бўйли, оқ танли, бурни ўзларига ярашган, кенг оғизли, кўркам соқолли, нуроний юзли эдилар. Бошларига оқ салла ўрар, кароматлари жуда кўп бўлган. Манбаларда ёзилишича, Хожа Маҳмуд тақво, зуҳд, қаноатда хаммага ибрат бўлганлар. Хожа Маҳмуд “Силсилаи шариф” даги ўн иккинчи ҳалқанинг пири муршиди, буюк тарбиячи, аллома, валиюллоҳ ҳисобланадилар. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий илми қол ва илми ҳолни  Ҳазрати Хожа Ориф Ревгарийдан ўрганганлар. Ҳазрати Фағнавийнинг насаблари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалар экан, бу зоти шариф саййидзода ҳисобланадилар. Али Сафийнинг “Рашаҳоту айнил ҳаёт”  китобларида ёзилишича, Хожа Али Ромитаний Хизр алайҳиссаломдан:  “Шу асру айёмда пир деб кимнинг этагидан тутса бўлади?” - деб сўраганларида, Хизр алайҳиссалом: “Шу асру айёмнинг пири муршиди Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий бўладилар!” - деганлар. Хизр алайҳиссалом тавсияларига мувофиқ  Хожа Али Ромитаний  Хожа Маҳмудга мурид бўладилар.
“Рашаҳот”да айтилганки, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийдан Мир Кулолгача ўтган Хожагон Нақшбандия тариқати машойихлари хуфёна зикр билан жаҳрия (баланд товуш билан зикр этмоқ)  зикрига баробар амал қилишган. Хожа Баҳоуддин эса хуфёна зикрни давом эттирганлар.
Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий қуддису сирриҳу 1286-йилда вафот қиладилар ва ўзлари таваллуд топган қишлоқларида дафн  этилганлар.
Зиёратгоҳда  масжид, қудуқ ва қабр ҳозиргача сақланиб қолинган. Аммо қабр устидаги мақбара нураганлиги учун 2018 йилнинг декабр ойида бузилиб, 2019 йилда қайтадан шарқона миллий услубда  қурилди. Ҳозирги кунда зиёратгоҳда янги гумбазли дарвозахона, аёллар ва эркаклар учун янги таҳоратхона, худойихона, кушхона, икки қаватли 60-70 ўринга мўлжалланган мехмонхона, автотураргох, минора, мақбаранинг уч томонида учта айвон, қудуқ, жомеъ масжид, маъмурий бинолар ва миллий шарқона услубда қурилган мақбара, чиллахона ҳамда яшил йўлаклар, манзарали гуллар, мевали дарахтлардан боғ барпо этилган. Зиёратгоҳдаги барча қурилиш ва ободонлаштириш ишлари вилоят, туманнинг маҳаллий бюджети, масжид хисоб-рақамига тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар томонидан амалга оширилмоқда. Зиёратгоҳ ҳудудидаги жомеъ масжидда ҳайит, жума ва беш маҳал намозлар жамоат билан адо этилмоқда. Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий зиёратгоҳига ташриф буюрувчи зиёратчиларнинг сони кунига юзлаб нафар маҳаллий зиёратчилар ва чет эллик сайёҳларни ташкил этади.
Зиёратгохда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари давом этмоқда ва жорий йилда янги миллий ва шарқона услубда янги масжид қурилиши режалаштирилмоқда. Ушбу даргоҳга ташриф буюраётган ҳар бир зиёратчи, бу ерда бӯлган қурилиш ва ободончилик ишларига таҳсинлар айтиб, Аллоҳнинг берган иноятларига шукрлар келтириб, озод замонамиз бардавомлигин тилаб, Муҳтарам Юртбошимиз ҳамда саҳоватпеша халқимизнинг ҳақларига дуойи-хайрлар қилмоқдалар. 

Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавийнинг ҳикматли битиклари:
1. Менинг зикр, даьватим файзидан ухлаётган бедор, ғофил огоҳ бўлсин.
Ҳақ йўлига кириб хайротлар(яхшиликлар) соҳиби бўлсин.
2. Барча хайрли ишлар калити-огоҳлик, поклик, кўнгли бедорлик, ҳақдан хабардорликдир.
3. Парҳезкорлик, шариат, тариқат, ҳақиқат шартларига амал қилмоқ-барча саодатларга эришиш йўлидир.
4. Аллоҳнинг розилигига эришиш йўли-тилни ғийбат, ёлғон ва бўҳтонлардан сақланмоқдадир.
5. Хулқингни (борлигингни) ҳаром, шубҳа, макрдан сақлагин.
Бу Тангрига эришмоқликни енгиллаштиради.
6. Зийнатинг риё, тамаьдин холи бўлсин.
7. Сирингни (солиҳ амал, тиловат, пок мақсад, хайр-саховатингни) Аллоҳдан ўзга билмасин. Уни пок сақлагин.
8. Аллоҳнинг зикри кишини ғийбатдан, ҳаром луқмадан ва қалбни шубҳадан асрайди.
9. Ҳақни улуғлаш барча яхшилик ва бахт-саодатнинг калитидир.

“Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий” жомеъ масжид
 имом - хатиби Ғолибжон Очилов 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:00
Куёш: 06:38
Пешин: 13:10
Аср: 17:00
Шом: 18:45
Хуфтон: 20:15
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram