Ҳазрат Аюб алайҳиссалом
27 декабр 2014 й.
743 марта ўқилди.

 Ҳазрат Аюб алайҳиссалом

     Бухорода Аюб алайҳиссалом номлари билан боғлиқ тарихий обидалар бор. Улардан бири Чашмаи Аюбдир.Ушбу обида Бухоро шаҳридаги Самонийлар боғида жойлашган.  Бу обида ичига кирсангиз кўзингиз қабр ва чашмага тушади. Чашма (қудуқ) қадимий бўлиб унинг тарихини Аюб алайҳиссаломга бориб тақалади.
    Имом маҳаддис Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Сулаймон ибн Комил ал-Бухорий ал-Варроқнинг (ваф.1122 йил) “Бухоро тарихи” деган китобларида ёзилишича, Аюб а.с.нинг қабрлари Бухорои шарифдадир, у табаррук жойнинг белгиси шуки, унда бир дарахт бор, қишин-ёзин кўм-кўк, барглари жийда баргига ўхшаш. Дарахт тагида беҳишт чашмасидан бир чашма оқади, деб маълумот берилган.
    “Тарихи Муллозода” китобида таъкидланишича, Аюб алайҳиссалом Бухорога келганлар. Пайғамбарни Бухорои шариф аҳолиси хурсандчилик билан кутиб олади, ул зоти шарифга иззат-икром кўрсатади. Бундан Аюб алайҳиссалом хурсанд бўладилар ва Бухоро аҳолиси ҳақига дуойи хайр қиладилар.
“Туҳфат аз зоирин”да таъкидланишича, Аюб алайҳиссаломнинг мунаввар қабрлари Бухорода эмас. Чашмаи Аюб, бу-Аюб алайҳиссаломнинг қадамжоларидир.
Шайхи комил Муҳйиддин Навовийнинг айтишича, Аюб алайҳиссаломнинг қабрлари Хаврон деган жойдадир. 
     XII асрда Қорахонийлар ҳукмдори фармонига мувофиқ Бухоро шаҳридаги Ҳазрат Аюб чашмалари устида гумбаз қурилган. Иккинчи гумбаз эса Соҳибқирон Амир Темур буйруқларига мувофиқ 1379 йил бино этилгандир. Учинчи гумбаз эса шайбонийлар замонасида қурилган.
     “Туҳфат аз зоирин” китобида келтирилишича, Чашмаи Аюб зиёратгоҳи атрофида жуда кўп буюк зотлар дафн этилган. Жумладан, Хўжа Каъбон Обид (бу зоти шариф Абу Ҳафс Кабир (767-832) билан сабоқдош бўлганлар) Мавлоно Шамсиддин Маҳбубий, Убайдуллоҳ Садр аш шариа ал Асғар ибн Масъуд ва бошқа зотлар бу ерда кўмилагн. Лекин собиқ Иттифоқ замонида бу буюк зотларнинг қабрлари вайрон қилинган.
Айни шу кунларда Самонийлар боғида жойлашган ушбу қадамжо жуда кўркам ва обод ҳолатда.  
 
О.Амонов
"277 пир" китобидан тайёрлади
«орқага