БАҲОУДДИН НАҚШБАНД ТАРИХИЙ-МЕЪМОРИЙ МАЖМУАСИ
28 апрел 2017 й.
54 марта ўқилди.

 
Бухородан 10 километр шимолий-шарқда Қасри Орифон қишлоғи жойлашган бўлиб, бу ерда улуғ пиру комил Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанднинг муборак зиёратгоҳлари ўрин олган. 34 гектарли тарихий-меъморий ёдгорлик мажмуаси беш аср мобайнида шаклланиб, бугун нафақат Шарқ мамлакатлари, балки бутун дунё аҳлининг қутлуғ қадамжосидир.  
 
 
 
Баҳоуддин Нақшбанд – Саид Муҳаммад ибн Жалолиддин 1318 йилда Бухоронинг Қасри Ҳиндувон қишлоғида таваллуд топган. Ҳазратнинг туғилишларини Бобойи Самосий шу ердан ўтаётганларида бу тупроқдан бир эр йигит иси келмоқдадур, шу зот барокатидан Қасри Ҳиндувон Қасри Орифонга айлангай, дейдилар. Бир оз ўтиб эса ҳалиги эр йигитнинг иси ортиқроқ бўлибди, дея таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, Ҳазрат Баҳоуддин туғилган эканлар. Уч кунлик Баҳоуддин Бобойи Самосий маънавий фарзандлигига қабул қилиниб, Саййид Мир Кулолга унинг тарбияси билан шуғулланишни топширганлар. 
“Шоҳи”, “Хожаи Бузрук”, “Балогардон”, “Шайхлар шайхи”, номлари билан шуҳрат қозонган  улуғ пирнинг касблари матога гул, нақш босувчи бўлганлиги боис Нақшбанд таҳаллусини олган. Бутун умр бўйи Бухорода ва унинг атрофларида яшаб келган ҳазрат икки марта ҳаж сафарини адо этган. 
Тасаввуфда нақшбандия тариқатининг асосчиси ҳисобланган кароматпеша зот  таълимотининг асосида – «Дил ба ёру, даст ба кор» ётади, яъни ҳар бир кишининг дили ёр (Яратувчи) билан, қўли эса иш билан банд бўлмоғи керак. Нақшбандия таълимотида руҳий тараққиёт босқичларига тўрт зина орқали чиқилади: Шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат... Баҳоуддин Нақшбанд ислом дини кўрсатмаларига қатъий итоат қилиб тирикчилик қилишга, моддий фақирлик, аммо маънавий бойлик сари ундайди. Хайр-эҳсон ҳисобидан эмас, балки қўл меҳнати билан кун кечиришни тавсия этади. 
“Силсилаи  Шариф” – олтин занжир ёхуд Хожагон-Нақшбандия тариқатининг еттинчи пири комили саналган Баҳоуддин ҳазратларининг таълимотидаги фикр-мулоҳазалари  унинг икки асари “Ҳаётнома”, “Далил-ун-ошиқун” китобларида баён этилган. 
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд доимо узлатда ётмасдан ҳаёт¬нинг мазмуни билан қизиқиб, ҳаракат қилиб яшаш, саёҳатларга чиқиб туриш, ҳар қадамни ақл-фаросат ва фикр-ўйлов билан босиш, олинаётган ҳар бир нафасни ҳушёрлик билан олиш, вақтни, ҳар бир дақиқани қадрига етиш, инсонларга меҳр-муҳаббатли бўлишни тарғиб қилган. Хожа Баҳоуддин ўз даврида дарвешлик, қаландарлик қилиб кун кўрган кишиларни ўз қўл меҳнати билан ҳалол луқма топиб яшашга даъват этган. Баҳоуддин Нақшбанд шахсияти ва таълимоти ҳозирги вақтда ҳам ислом оламида кенг танилган. Жумладан, Марказий Осиёда, Ҳиндистон Туркиягача, Доғистондан Волга бўйларигача,  Озарбайжон, Индонезия ва Малайзия, Араб мамлакатларида Б.Нақшбанд катта ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади.  
Баҳоуддин Нақшбанд халқ орасида «Балогардон» (яъни балони даф қилувчи) эпитети билан ҳам машҳур. Ҳазрат шогирдлик пайтларида устозлари у кишига 40 кун бир оёқда офтобда сув кўтариб турасан, кейин сени муридликка оламан, деган экан. Баҳоуддин 39 кун вазифани адо этиб, чиқиб кетадилар. Йўлда бораётиб, бир воқеанинг шоҳиди бўлади. Уй эгаси итини қанчалик қувмасин, ҳайдамасин лекин у барибир хўжайидан воз кечишни хоҳламайди. Шунда ҳазрат бир жонивор эгасининг берган нон тузига хиёнат қилмай унга содиқ турмоқда деб, афсусда устозлари ёнига қайтадилар. Бу пайт устозлари ёш шогирдга қарата “агар яна бир кун вазифани адо этганингда қазогардон бўлур эрдинг, энди балогардон, ҳар қандай офатни даф қилгувчи бўласан” деб айтадилар.  Хожа Баҳоуд¬дин Аҳмад Яссавий хонадонига мансуб Қўсам Шайхдан ҳам олти йил таълим олган. Қўсам Шайх уни шарафлаб: “Тўққизта ўғлим бор. Сен мен учун уларнинг барчасидан улуғроқ ва олдинроқдирсан”  деган экан.
Хожа Баҳоуддин Нақшбанд 1389 йилда 71 ёшида дунёдан ўтган ва Бухоро атрофидаги Қасри Орифон қишлоғида дафн этилган. Бора-бора ҳазрат зиёратгоҳларида меъморий иншоотлар қурила бошланган. Ўрта аср тарихчилари хабар қилишича, мемориал комплекс бир неча бор қайта қурилган. Бухоро ҳукмдорларининг ҳар бири ҳазратга ҳурмат бажо келтирган ва бу ёдгорликка «ўзининг» қандайдир қўшимча биносини кири¬тиш¬¬га ҳаракат қилган. «Темур тузуклари»да ёзилишича, Соҳибқирон Амир Темур ҳам унинг «кам е, кам гапир, кам ухла» деган қоидасига амал қилган.
 Убайдуллохон ва унинг ўғли Абдулазизхон даврида (1533-1539 йилларда) Баҳоуддин Нақшбанд мозори тартибга солиниб, хазира барпо этилган. 1544-1545 йилларда унинг қабри атрофида ансамблнинг энг катта биноси-хонақо қурилган. Баҳоуддин Нақшбанд ансамбли Даҳмаи шохон (XIV-XVIII асрлар) ва Боҳоуддин даҳмаси, мақбара, икки айвонли масжид: Абулфайзхон масжиди (XIX аср), Музаффархон масжиди, сақохона (XX аср), ҳовуз, қудуқ, минора (XVIII аср), мадраса (XVIII аср) ва Абдулазизхон хонақосидан иборат. Тарихий мажмуага учта ичма ич қадимий дарвозалар орқали кириб келинади. Булар Диловар, Тоқи миёна, Салом дарвозаларидир. Ансамбль кичик гумбазли чортоқ дарвозахонадан бошланади. Дарвозадан ўтгач, ўнгда кичкина масжид, чап томонда зиёратчилар учун турли бинолар яратилган. Йўл давомида чапда хонлар мозори Дахмаи шоҳон жойлашган. Дахмаи шоҳон тўғри тўртбурчак тархли, баландлиги 2,5 м, усти кулранг мармар билан безатилган. Дахмаи шоҳондан ўтган йўлак нафис безатилган пештоққа олиб келади. Пештоқнинг эшигидан ўтилгач, чапда соддагина яратилган 5 устунли, олди айвонли Музаффархон масжиди жойлашган. Масжид ёнида 2 устунли Ҳаким қушбеги масжиди бор. Унинг жанубида нақшдор, шимолида нақшсиз айвонлар бор. Баҳоуддин даҳмаси мармар қопланган каттагина мурабба тархли супа бўлиб, атрофи чиройли мармар панжара билан ўралган. Унинг сал нарироғида томонлари 9,5 м келадиган айлана зинали мармар ҳовуз, унинг шимолий томонида кўркам сақохона қурилган. Ундан зиёратчилар ичишлари учун турли идишлар билан «муқаддас» сув узатилган. Ҳаким қушбеги масжидининг шимолида бир минора, ундан нарида ҳовлидаги ҳовуздан 3 баровар каттароқ бўлган бошқа ҳовуз бор. Ҳовлининг ташқарисида тўртбурчак супа устида хонақо жойлашган. Абдулазизхон қурган хонақо 37x40 метрли жамоатхона залидан ва 30 метр баландликда ётган гумбаздан иборат. Хонақо қурилганидан бир аср ўтгач Нодирхон бино атрофига ҳужралар қуради. Ансамблнинг шимол томонида 1711-1747 йилларда подшолик қилган Абулфайзхон масжиди қурилган. Масжид атрофи пештоқ равоқли айвонлар билан ўралган бўлиб, унинг тўрида чорзамин услубида ишланган қирма нақшли меҳроб яратилган. Масжид подшонинг онаси томонидан қурдирилган. Айвоннинг тепалари ва деворлари кошинкор нақшлар билан безатилган. Масжиднинг ташқи томонида 1719-1720 йилларда қурилган кичкина минора жойлашган. Унинг баланлиги 12,2 м, асосининг диаметри 3 метрга тенг. Минора шарафасида остида араб тилида “Оқибат хайрли бўлсин” деган ёзув сақланиб қолган.   
Таъкидлаш ўринлики, Собиқ Иттифоқ даврида Баҳоуддин зиёратгоҳи ташландиқ ҳолга айланди. Бутун ёдгорлик мажмуаси хароба ҳолга келиб қолди. 
Истиқлол йилларида тарихий-меъморий мажмуа таниб бўлмас даражада ўзгарди. 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанднинг 675 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов саъй-ҳаракатлари билан Баҳоуддин зиёратгоҳи хушмаъво мавзега айлантирилди. Баҳоуддин комплексида катта таъмирчилик ишлари олиб борилди. Мавзолейни қайта тиклаш ишларида республика¬миз¬нинг деярли ҳамма жойларидан келган таъмирчи усталар иштирок этдилар. Ҳазратнинг оналари мақбарасини хивалик усталар, қадимий мозорни самарқандлик усталар қайта тикладилар, дурад¬горлик ишларини Фарғона водийсидан келган усталар амалга оширдилар, аммо асосий ишларни – хонақо, минора, масжид, ҳовузни қайта тиклаш ишларини бухоролик қўли гул усталар олиб боришди. Улар орасида Азим Ҳайитов, Ғайбулло Муҳамме¬дов, уста Мубин бошлиқ Мўминовлар сулоласи бор эди. 
Яна бир ғаройиб воқеани таъкидлаш ўринли назаримда. Истиқлол меъмори Ислом Каримов Баҳоуддин даҳмаси атрофига айвон қуриш таклифини билдириб, мўлжал қилган жойларидан бир пайтлар айвон бунёд этиш ниятида солинган пойдеворлар топилди. Бу балки қайсидир маънода аждодларимиз бошлаган иш, уларнинг орзу-армонлари бугунги истиқлол йилларида амалга ошганига рамзий бир ишорадир. Шу аснода қарийб 90 метрлик янги жануби-шарқий айвон ўз ўрнида қайта қурилди. 
Ҳозирги вақтда мазкур зиёратгоҳда XVI асрги Боғи орифон (Орифлар боғи) қайта барпо қилинган. 2003 йилда Биринчи Президент раҳнамолигида зиёратгоҳга кириладиган рамзий муҳташам дарвоза қурилади. Мазкур дарвоза “Ислом дарвозаси” деб номланади. 
Бугун йилига 2 млндан ортиқ меҳмону саёҳатчилар зиёрат қиладиган обод қадамжода Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази, ҳазратнинг ҳаёти ва таълимотига бағишланган “Нақшбандия тариқати” музейи ҳамда “Нақшбандия” илмий-ирфоний журнали фаолияти йўлга қўйилган. 
“Нақшбандия тариқати” музейи XVII асрда Дониёрхон томонидан қурилган мадраса биносида жойлашган бўлиб, унда 8 та ҳужрада Ислом динининг Ўрта Осиёга кириб келиши, мусулмон маданиятининг юксалиши, тасаввуф тариқатлари тариқати ҳамда Бухоройи Шариф еттир пирининг саёҳат экспозициясига бағишланган 300 дан ортиқ экспонатлар қўйилган. 
 
                                                                                                   Шавкат БОБОЖОНОВ,
                                                       Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонаси,
                                                                “Нақшбандия тариқати” музейи филиал мудири

 
 
«орқага