Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳи (1259-1354 йиллар)
31 январ 2016 й.
1103 марта ўқилди.

 Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий зиёратгоҳи

    (1259-1354 йиллар)

 
Муҳаммад Бобойи Самосий хожагон - нақшбандия тариқатидаги улуғ авлиё, соҳибкаромат валиюллоҳ, буюк аллома ҳисобланадилар. У киши тумандаги Самос қишлоғида туғилганлар, пайғамбаримиздан мерос бўлиб ўтган ўз тирикчилиги учун меҳнат қилишни шараф билганлар, устозлари каби фақирлик мақомини тутиб, беназир боғбон бўлганлар. Шу сабабдан Муҳаммад Бобойи Самосий деҳқонларнинг пири саналадилар. 
Бу зоти шарифнинг тариқатдаги устозлари Хожа Али Ромитаний ва шогирдлари Саййид Амир Кулол ҳисобланади. У кишини халқ ва тасаввуф аҳли “Шамси Ҳақ” ва “Ҳазрати Бобо” деб улуғлаганлар.
 
Муҳаммад Боқирнинг “Мақомоти Шоҳи Нақшбанд”, Мавлоно Шаҳобиддиннинг “Мақомоти Саййид Амир Кулол”, Абдураҳмон Жомийнинг “Нафоҳатул унс”, Носириддин Тўранинг “Туҳфат аз зоирин” ва бошқа кўплаб манбаларда Муҳаммад Бобойи Самосий тўғрисида илмий маълумотлар келтирилган. 
 
Алишер Навоий “Насойим ул - муҳаббат” асарида келтиришларича Муҳаммад Бобойи Самосий шогирдлари Саййид Мир Кулол билан Қасри Ҳиндувон (Баҳоуддин Нақшбанд туғилган қишлоқ)дан ўтаётганда: “Бу ердан тариқатда пешқадам бўладиган бир ориф эрнинг бўйи (иси) келмоқда”,- деганлар. 
 
Бир кун яна шу ердан ўтаётганда: “Сизга олдин хабар берган ирфон соҳибининг бўйи яна ортибди, У ориф зот туғилган бўлса керак”,- дейдилар.
 
Уч кун аввал туғилган Баҳовуддинни ҳазрат ҳузурига дуога олиб келадилар. Муҳаммад Бобойи Самосий ҳазратлари Саййид Амир Кулолга Баҳовуддинни кўрсатиб: “Бу бизга мансубдир, уни маънавий фарзандликка қабул қилдик. Бу зот келгусида тариқатимизнинг пешвоси бўлгуси, шу мард барокатидан Қасри Ҳиндувон  Қасри Орифон бўлгай”,- деб башорат қилганлар.
 
 Зиёратгоҳ мустақиллик йилларида обод этилган бўлиб, унда дарвозахона ва айвон, мақбара ва жомеъ масжиди, ҳовуз ва тошқудуқ, меҳмонхона ва ошхона, эркаклар ва аёллар таҳоратхонаси мавжуд.  
 
Муҳаммад Бобойи Самосий ўз ҳовлиларида дафн этилганлар.  
 
Ширинов Абдуллатиф 
Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий
жомеъ масжиди имом хатиби

 

«орқага