САЙЙИД АМИР КУЛОЛ ҚУДДИСУ СИРРУҲУ
08 март 2020 й.
1280 марта ўқилди.

 

САЙЙИД АМИР КУЛОЛ ҚУДДИСУ СИРРУҲУ  

Хожагон силсиласининг олтинчи пири, «Амир Калон» тахаллуси билан машҳур бўлган Саййид Амир Кулол ибн Амир Ҳамза ибн Амир Иброҳим  тахминан 680/1281 - йили Бухоро атрофидаги Афшина ёки Сухор қишлоғида дунёга келган. У киши нинг пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам авлод идан бўлган отаси Амир Ҳамза ибн Амир Иброҳим асли Ҳижознинг Мадина шаҳридан бўлиб, Мовароуннаҳрга кўчиб келгач Бухоро атрофида яшаб қолган.
Манбаларда Саййид Амир Кулолнинг таваллуд санаси қайд этилмаган бўлса-да, Саййид Отанинг тахминан уч-ўрт ёшлардаги Амир Кулол билан илк учрашуви 683/1284 йили юз берганидан келиб чиққан ҳолда, унинг 680/1281-йили таваллуд топганлигини тахмин қилиш мумкин.
«Мақомоти Амир Кулол»да ёзилишича, унинг отаси Амир Ҳамза яссавия тариқатининг шайхи Саййид Ота билан яқин муносабатда бўлиб, ушбу  шайх ҳар сафар Бухорога келганида у билан учрашарди. Хожагон-нақшбандия тариқати манбаларида таъкидланишича, Саййид Амир Кулол ҳали онасининг қорнида эканидаёқ унинг келажакда покиза ва буюк бир инсон бўлиши маълум бўлиб, онаси ҳар сафар ҳалоллигига шубҳа бўлган бирор нарсани еб қўйганида ичида қаттиқ оғриқ пайдо бўларди. Орадан бир оз вақт ўтиб, Саййид Амир Кулол оламга келади. У тахминан уч-тўрт ёшга кирган чоғларида – 683/1284 йили Саййид Ота келиб, салласининг ярмини ечиб, унинг бошига ўрайди-да, унинг келажакда сайру сулукда юксак мақомлар ва мартабаларга эришишини сўраб дуолар қиладилар.
Саййид Амир Кулолнинг сўфийлик йўлига киришини айтиб, унга оқ фотиҳа берган киши яссавия тариқати шайхи Саййид Ота бўлса-да, уни амалда сўфийлик йўлига олиб кириб, сайру сулукда унга муршидлик қилган киши хожагон силсиласи пири Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий бўлди. Хожа Муҳаммад Бобойи Самосийга мурид тушган Саййид Амир Кулол йигирма йил давомида унинг муршидлигида сайру сулук босқичларини босиб ўтади ва унинг энг етук халифасига айланади. Самосий оламдан ўтганидан кейин эса тариқат раҳбарлигини ўз зиммасига олади.
Саййид Амир Кулол кўплаб кишиларни ўз тариқатига киргизишга муваффақ бўлади. Манбаларда унинг муридлари сони бир юз ўн тўртта бўлиб, уларнинг барчаси сайру сулукда камолга етганликлари тўғрисида маълум қилинади. Саййид Амир Кулол умри бўйи бирор марта ҳам ўз туғилиб-ўсган диёридан  ташқари чиқмаган бўлса-да, «Мақомоти Амир Кулол» муаллифи унинг Марказий Осиёнинг Туркистон, Ҳижознинг Макка ва Мадина шаҳарлари ҳамда Рум ўлкасида ҳам кўплаб муридлари бўлганлигини таъкидлайди. Саййид Амир Кулол ўз таълимотини ёйиш мақсадида Бухоро ва унинг атрофидаги қишлоқлар, жумладан, Сухоридан ташқари бир муддат Насаф шаҳрига бориб яшаган.
Саййид Амир Кулол таржимаи ҳолидаги муҳим ўринлардан бири унинг хожагон-нақшбандия тариқатининг йирик вакили, ушбу тариқатнинг хожагония босқичидан кейин келган нақшбандия босқичининг бошловчиси Хожа Баҳоуддин Нақшбандга бевосита муршид бўлганлигидир. Юқорида эслатиб ўтилганидек, Саййид Амир Кулол пири Хожа Муҳаммад Бобойи Самосий топшириғига кўра ёш Баҳоуддин Нақшбандни сулук йўлида тарбиялашни ўз зиммасига олади. Баҳоуддин Нақшбанд бир неча вақт унинг хизматида бўлиб, сайру сулук босқичларини босиб ўтгач, унга энди хожагония ёки яссавия тариқатлари шайхларидан маъқул келган бирортаси ҳузурида таълим олиш ва сулукда давом этиши мумкинлигини айтади .
Саййид Амир Кулол ҳам ўз пирлари каби бир касбнинг этагини тутиб, ўз меҳнати орқали тирикчилик қилишни афзал билади. Манбалар унинг кулолчилик билан шуғулланганлиги, шу сабабдан ҳам Кулол тахаллусини олганлиги тўғрисида гувоҳлик беришади.
Саййид Амир Кулол таржимаи ҳолидаги муҳим ва қизиқ ўринлардан яна бири у билан Амир Темур (736/1336-807/1405) ўртасидаги муносабатдир. «Мақомоти Амир Кулол»да Соҳибқирон ҳокимият учун кураш бошлаган пайтларида Саййид Амир Кулолнинг ҳузурига келиб, ҳаққига хайрли дуо сўрагани, «Матлаб ут-толибин»да эса бу пайтда Саййид Амир Кулол уни маънавий фарзандликка – муридликка қабул қилиб, унинг тарбиясини ўз халифаси Шайх Шамсиддин Кулолга топширгани тўғрисида ҳикоя қилинади. Шу билан биргаликда, у Амир Темурни тақво ва адолатни ўз ҳаётининг максадига айлантиришга чақиради.
Саййид Амир Кулолнинг Амир Бурҳон, Амир Шоҳ, Амир Ҳамза ва Амир Умар номли тўрт ўғли бўлиб, уларнинг барчаси сўфийлик йўлига кирган эди. Отаси ўз халифаларига ушбу тўрт ўғлини сайру сулук босқичларини босиб ўтишда раҳнамолик қилишга буюраркан, Амир Бурҳоннинг тарбиясини Хожа Баҳоуддин Нақшбандга, Амир Шоҳнинг тарбиясини Шайх Ёдгорга, Амир Ҳамзанинг тарбиясини Хожа Ориф Деггаронийга ва Амир Умарнинг тарбиясини Жамолиддин Деҳ Осёбийга топширади.
Саййид Амир Кулол ҳижрий-қамарий 772 йилнинг 8 жумодил аввали – милодий 1370 - йилнинг 28 ноябрида Сухор қишлоғида оламдан ўтиб, шу қишлоқда дафн этилади.
«Мақомоти Амир Кулол» муаллифи Саййид Амир Кулол халифаларининг сони жудаям кўп бўлганлигини таъкидлаб, қуйидаги кетма-кетликдаги етти киши–Мавлоно Ориф Деггароний, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Жамолиддин Деҳ Осёбий, Шайх Ёдгор, Хожа Шайх Даразуний, Мавлоно Жамолиддин Кеший ва Шайх Шамсиддин Кулолни унинг энг сара халифалари сифатида эслатиб ўтади. Бироқ «Рашаҳот айн ал-ҳаёт»да Саййид Амир Кулолнинг қуйидаги кетма-кетликдаги тўрт халифаси бўлганлиги эслатилади: Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Мавлоно Ориф Деггароний, Шайх Ёдгор ва Шайх Жамолиддин Даҳистоний. «Мақомоти Хожа Баҳоуддин Нақшбанд»да келтирилишича, Саййид Амир Кулол Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ва Мавлоно Ориф Деггаронийни ўз халифалари орасида энг буюклари деб билади, вафотидан олдин эса барча муридларига Хожа Баҳоуддин Нақшбандга эргашишни буюради.
Саййид Амир Кулол хожагон силсиласининг ўзидан олдин ўтган пирлари таълимотини тарғиб этиш, жумладан, Хожа Маҳмуд Анжирфағнавий давридан бошлаб жорий этилган зикри жаҳрийни қўллашда давом этди. Шунингдек, «Мақомоти Амир Кулол» асарида унинг сўфийлик шартлари ва одоблари ҳамда айрим сўфиёна тушунчалар борасидаги қуйидаги қарашлари акс этган:
Шариат. Саййид Амир Кулолнинг таъкидлашича, тариқат асосини шариатга риоя қилиш ташкил этади. Яъни, унинг фикрича, сўфийлик шариат асосига қурилади. У бошқа бир ўринда ўз издошларини шариатга эргашишдан бир қадам ҳам чекинмасликка чорлар экан, бу йўлда имон, намоз, рўза, закот ва ҳаж илмлари билан бирга ота-онага хизмат қилиш, қўшниларга меҳр-оқибат кўрсатиш, савдо-сотиқ илмларини ҳам ўрганиш лозимлигини таъкидлайди .  
Сайру сулук. Саййид Амир Кулол сайру сулукдаги соликларнинг қуйидагиларни амалга ошириши лозимлигини айтади: ихлос – худонинг амрларига хилоф нарсалардан халос бўлиш учун бажариладиган амал; хавф – худонинг ғазабидан нажот топиш учун бажариладиган амал; ҳалол луқма ейиш – қалб ва тилни поклаш учун бажариладиган амал; тавба – барча тоатнинг боши бўлиб, қилган гуноҳи учун чин юракдан пушаймон бўлиш ва гуноҳ ишни бошқа қилмасликка аҳди қилиш кўринишида амалга ошади; иродат – худонинг ёди билан яшаш, ёмон одатлардан воз кечиш, аҳдга вафо қилиш, омонатга хиёнат қилмаслик, ўзини айбдор ҳисоблаб юриш билан биргаликда амалга оширилади; зикр – доимий тарзда худони эслаб юриш ва ҳар бир ишни унинг номи билан бошлаш кўринишидаги амал.
Сулук одоблари. Саййид Амир Кулол сўфийлик йўлига кирган киши шахсий ҳаётида риоя қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ мезонлари тўғрисида ҳам сўз юритади. Жумладан, у ўз муридларини, юқорида эслатилган ота-онага хизмат қилиш ва қўшниларга меҳр-оқибат кўрсатиш каби хислатларга эга бўлишдан ташқари касб-кор билан шуғулланиш, ўз меҳнати билан кун кўриш ҳамда ўзи ва оиласининг эҳтиёжини қондирадиган даражада даромад топишга, шунинг билан биргаликда исрофгарчиликдан эҳтиёт бўлишга чақиради.
Юқорида кўриб ўтганларимиздан шундай хулосага келиш мумкинки, Саййид Амир Кулолнинг хожагон-нақшбандия тариқати тараққиётидаги роли, биринчидан у томонидан мазкур тариқатдаги сайру сулук шартлари ва одобларига муайян қўшимчалар киритилишидан иборат бўлса, иккинчидан, у Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг бевосита муршиди сифатида тариқатнинг юксалишига сабаб бўлган ушбу еттинчи пирнинг майдонга келишига катта ҳисса қўшди, учинчидан эса ҳокимият учун кураш бошлаган Амир Темур билан ўрнатилган муносабатлар воситасида хожагон-нақшбандия тариқатининг ҳукмрон синфлар билан бевосита алоқасини бошлаб берди.

Саййид Амир Кулол зиёратгоҳи ҳудудида кенг кўламда ишлар олиб борилди. Жумладан: Саййид Амир Кулол қабрлари 2008 - йилда қайта қурилган бўлиб, атрофида айвон барпо қилинди. Замонавий ёзги айвон, 500 кишили янги масжид, 50 ўринли ошхона, 50 киши сиғимли таҳоратхона, 2 та кириш дарвозаси ва 285 метрли деворлар қуриб таъмирланди.
“Саййид Амир Кулол” зиёратгоҳи кираверишида автотураргоҳ замонавий ҳамда барча қулайликлари билан зиёратчилар ва юртимиз мехмонлари учун хизмат қилаётир! Зиёратгоҳ қошида жойлашган 30 кишига мўлжалланган замонавий мехмонхона тўлиқ битказилиб, юртимиз меҳмонлари учун топширилди.
 Аллоҳга ҳамдлар бўлсинким, ҳур замонамиз сабаб ушбу мажмуалар юртимиз меҳмонлари ҳамда маҳаллий аҳоли учун хизмат қила оладиган, салобатли ва виқорли зиёратгоҳлар қаторидан ўрин олди.

Когон туман “Саййид Амир Кулол” 
жомеъ масжиди имом-хатиби
Жалолиддин Сабуров
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:18
Пешин: 13:10
Аср: 18:45
Шом: 20:25
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram