ХЎЖА МУҲАММАД БОБОЙИ САМОСИЙ
18 июн 2017 й.
315 марта ўқилди.

 Хўжа Муҳаммад  Бобойи Самосий қ.с. – 1259 йил Бухоро  вилояти  Рометан тумани Самос қишлоғида туғилиб, 1354 йил вафот этганлар. Қабрлари Самос қишлоғидадир.  Ҳазрат Бобойи Самосийнинг оталари – Саййид Абдуллоҳ бўлган. Ул зоти шариф ҳам шариату тариқат илмидан воқиф бўлган. Ҳазрат Бобойи Самосий буғдой ранг бўлсалар-да, ғоят нуроний, ўткир назарли зот бўлганлар.

Бобойи Самосийнинг касблари деҳқончилик бўлган. Ҳазратнинг каромотлари ва ҳусни хулқлари ҳақида “Мақомоти Амир Кулол”, “Мақомоти Шоҳ Нақшбанд”, “Туҳфат аз зоирин” ва бошқа манбаларда зикр қилинган.
Нақл қилинишича, Муҳаммад Бобо Самосий Ҳазратлари бир гуруҳ мурид¬лари билан биргаликда Баҳоуддин Нақшбанд Ҳазратлари туғи¬ладиган манзил ёнидан ўтаётганда «бу тупроқдан тариқатда пешқадам бўладиган ва хизмат қиладиган ориф бир эрнинг иси келмоқда», дейдилар. Бир кун яна шу ердан ўтиб кетаётган¬ларида «сизга олдинги сафар бу ердан ўтаётиб хабар берганим ирфон соҳибининг бўйи ортибди», – дейдилар ва туғилган Баҳоуддинни йўргакда ҳазрат ҳузурига дуоларини олиш учун келтирадилар. Муҳаммад Бобо Самосий ҳазратлари Саййид Амир Кулолга Баҳоуддинни кўрсатиб, «бу бизга мансубдир. Уни маънавий фарзандликка қабул қилдик, бир неча ойлар олдин бўйини олганимиз, бу зот келажакда тариқатимизнинг пешвоси бўлади. Бу Қасри (Кўшки) Ҳиндувон маскани бундан кейин қасри Орифон яъни, орифлар қасри бўлади. Эй Амир Кулол бу ўғлим Баҳоуддинни сенга топшираман. Унинг зоҳи¬рий ва ботиний тарбияси билан сен шуғулланасан. Асло бу борада сусткашликка йўл қўймагайсан. Сусткашлик қил¬санг сени кечирмайман”, – дея қаттиқ тайинлайдилар. Муҳаммад Бобо Самосийнинг энг катта халифаси бўлган Саййид Амир Кулол: Ҳазратим, иншоаллоҳ амрингизни бажариш учун қўлимдан келганча саъю ҳаракат қиламан – деб сўз беради ва келажакда ваъдасини бажаради. 
Жомийнинг “Нафоҳатул унс” китобларида таъкидланишича, Бобойи Самосий ўз кулоҳларини Баҳоуддин Нақшбандга инъом  қилганлар. 
Ҳазрат Бобойи Самосийнинг жуда кўп мурид ва издошлари бўлиб, энг етуклари қуйидагилар: Хўжа Муҳаммад Сўфий, Хўжа Муҳаммад Самосий (бу киши Бобойи Самосийнинг ўғиллари), Ҳазрат Мавлоно  Али Донишманд ва Ҳазрат Саййид Амир Кулолдир.
 
ХЎЖА  МУҲАММАД  БОБОЙИ  САМОСИЙ ЗИЁРАТГОҲИ
Масжид Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳозирги “Бобойи Самосий” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган. У Бухоронинг буюк шайхларидан ҳисобланган Ҳазрат Бобойи Самосий қ.с. номларига аталган. Ҳазрат Саммосий қ.с. (баъзи манбаларда “Симос” деб ҳам юритилади) масжид турган ҳудудда таваллуд топган. Манбаларда у зотнинг туғилган йиллари келтирилмаган. Вафотлари эса 1354 йилга тўғри келади. 
Зиёратгоҳнинг умумий ер майдони 15600 м²  ташкил этади. 2005 йилларида ҳашар йўли билан 8х8 ўлчамда масжид биноси қурилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 100 нафар намозхон ўз намозини адо этиши мумкин. 2011 йилда ташаббускор ҳомийларни жалб қилган ҳолда янги таҳоратхона барпо этилган бўлиб барча қулайликлар ва шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, Хўжа Муҳаммад Бобойи Самосийнинг мақбаралари, дарвозахона, ошхона,  масжиднинг кунчиқар томонида 20х20 ўлчамдаги ҳовуз  мавжуд. 
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:10
Куёш: 06:58
Пешин: 13:10
Аср: 16:30
Шом: 18:10
Хуфтон: 19:30
Тўлиқ тақвим »
Сайтдан излаш
Аудио
Telegram