ИСЛОМДА МАҲР МАСАЛАСИ (1-қисм)
18 декабр 2021 й.
197 марта ўқилди.

 
ИСЛОМДА МАҲР МАСАЛАСИ (1-қисм)

Маҳр, никоҳ ақди (битими) боғланиши билан эрнинг зиммасига юкланадиган ва турмуш қураётган жуфти ҳалолига мулк қилиб бериши лозим бўлган молдир.
Маҳр турли номлар билан номланади. Қуръони Каримда унга нисбатан «садоқ», «садақа», «ажр», «фарийза», «ниҳла» исмлари ишлатилган. Бизнинг диёрларда Ислом динидан узоқ бўлиб кетилган пайтлар бўлди ва шу даврларда маҳрнинг ўрнига «қалин» ва ҳатто «сут пули» каби иборалар қўлланилиши бошланди. Афсуски, кўп ҳолларда ушбу “қалин” ёки “сут пул”лари бевосита турмуш қураётган қиз/аёлларга мулк ўлароқ эмас, балки уларнинг ота-оналари ёки вакилларига тўй харажатларини қоплаш учун берилган пул маблағи сифатида кўрилган. Албатта, бунинг ҳаммаси динимиз талабларини билмаслик ёки таҳликали пайтлардаги қўрқинч туфайли бўлган.
Баъзи уламолар: «Маҳрнинг ўнта номи бор», деганлар. Буларнинг ичида «маҳр» машҳурроқ бўлганлиги учун ушбу мақоламизда шу номни қўллашни маъқул кўрдик.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:
«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг» (4-оят). Ушбу ояти карима эр ўз аёлига маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта оятдан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади, ҳатто эр-хотин қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилмоқда. Маҳр келиннинг шахсий мулки ҳисобланади. Ушбу шаръий ҳукм ўзга хонадонга кириб келаётган қиз-аёлларни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эркалашнинг муҳим бир кўринишидир.

Маҳр шундай муҳим нарсаки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишлари ҳам мумкин эмас. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса, унинг меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади. Юқоридаги оятда эр ўзига хотин бўлишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади, чунки бу унинг мулки. Жумладан, мазкур оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб бериши ҳам мумкин. Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, эри берган маҳрнинг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади. Набий алайҳиссалом бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганликлари собитдир. Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.

Шофиркон туман “Мирзоқул” жомеъ масжид 

имом-хатиби Яхё Жумаев 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:54
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram