Бухорога ислом қачон кириб келган?
22 сентябр 2021 й.
286 марта ўқилди.

 

Бухорога ислом қачон кириб келган?

Таклиф
Ўзбекистонимиз аҳолисининг асосий қисмини, аниқроғи, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, 96 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Ислом ‒ биз учун муқаддас дин. Миллий маънавиятимиз, маданиятимиз, урф-одатларимиз, адабиётимиз, санъатимиз, умуман, феъл-атворимиз, тийнатимиз асрлар мобайнида айнан ана шу таълимот асосида шаклланган.
Шўро давридаги кучли даҳрийлик сиёсати ҳам бу динни қалбимиздан тўла қувиб чиқара олмади. Шундай бўлса-да, у қиларини қилиб улгурди. Дин масаласидаги билимларимизда катта узилишлар пайдо бўлди. Оқибатда жуда катта бўшлиқ юзага келди. Ўтган 30 йиллик мустақиллик даври ҳам чорак кам бир асрлик худосизлик сиёсати асоратларини батамом бартараф эта олмади.
Даъвомиз қуруқ бўлмаслиги учун бир-икки мисол келтирамиз.
Касб тақозосига кўра, олий маълумоти бўлган фуқароларимизга маънавият асосларидан дарс ўтиш, маъруза ўқиш ёки нутқ сўзлашга тўғри келади.  
“Ислом дини қачон пайдо бўлган?” ‒ деган оддийгина савол берамиз уларга. Аниқ-тиниқ жавоб ололмаймиз. Ҳолбуки, бу саволга икки хил жавоб бериш ‒ мумкин.  
Умумий маънода, исломий эътиқодга кўра, ислом дини Одам Атодан пайдо бўлган ва у зот бутун башариятнинг отаси, биринчи пайғамбар (а.) ҳисобланади. Одам Ато(а.)дан токи Муҳаммад пайғамбар(с. а. в.)гача ўтган 124 минг пайғамбар(а.)ларнинг бари  ‒ “ислом пайғамбари” дея тан олинади.  
Хусусий маънода, ислом дини Муҳаммад пайғамбар(с. а. в.)га биринчи оят нозил қилинган милодий 610 йилдан бошланади. То 632 йилгача пайғамбаримиз(с. а. в.)га Қуръон оятлари ваҳий қилиниб турган. Шу тариқа Расулуллоҳ (с. а. в.) умрларининг охирига келиб ислом охирзамон дини сифатида тўлиқ шаклланиб бўлган. Қуръонда ваъда қилингани каби, энди то қиёматга қадар одамзодга бошқа пайғамбар юборилмайди.
Тингловчилар ўртасига яна бир оддий, аммо аниқ-тиниқ жавоб талаб қиладиган саволни ташлаймиз: “Ислом Ўзбекистонимизга қачон кириб келган?” Афсуслар бўлсинки, кўпинча бу саволга ҳам пичоққа илинадиган тайинли жавоб ола билмаймиз.
Ҳолбуки, узоқ хориждан келган, амалда тамоман бошқа дин вакили бўлган кўп-кўп сайёҳлар биз берган бу икки саволга аниқ жавобни билади. Чунки улар бир мамлакатга боришидан олдин нашрий манбалар ёки ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда у ҳақдаги муҳим-муҳим маълумотларни ўрганади, тасаввурларини кенгайтириб, илман “қуролланиб” олади. Келиб, шу билганларини реал воқеликка солиштиради ҳам.
Аҳолисининг ярмидан кўпроғи ислом динига эътиқод қиладиган юртлар мусулмон мамлакатлар ҳисобланади. Бу жиҳатдан фуқароларининг катта қисмини православ насронийлар ташкил этадиган Россия Федерацияси мусулмон мамлакатлар сафига кирмайди. Бу юртда 20 миллиондан ортиқ фуқарогина мусулмон миллатлар вакиллари ҳисобланади. Бу умумаҳолининг бор-йўғи 15 фоизга яқинини ташкил этади, холос. Шунга қарамасдан, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин шу йилнинг 28 апрелида келаси 2022 йили Волга Булғорияси исломни расман қабул қилганининг 1100 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни нишонлашни таъминлаш мақсадида 102-сонли фармойиш қабул қилди. Шу асосда Татаристон Республикаси Президенти Рустам Минниханов  шу йилнинг 4 июнида ўзининг 434-сонли “Волга Булғорияси исломни расман қабул қилганининг 1100 йиллигини байрам қилиш тўғрисида”ги фармонини имзолади.  
Хабарингиз бор, ICESCO томонидан 2020 йилда Бухоро шаҳри “Ислом  олами маданияти пойтахти” деб эълон этилган эди. Пандемия туфайли бу кўнгилдагидек тантана қилинмади. 2007 йили Тошкент шаҳри ҳам худди шундай шарафга эга бўлган эди.  
Шуни унутмаслигимиз ‒ керакки, ислом дини мамлакатимизга илк бор айнан Бухоро орқали кириб келган. Пайғамбаримиз (с. а. в.) вафотларидан 73 йил ўтиб, яъни милодий 705 йили  Абу Ҳафс Қутайба ибн Муслим ал-Боҳилий Хуросон амири (ноиби) этиб тайинланганидан кейин Хуросон ва Тоҳаристон(Жанубий Ўзбекистон, Жанубий Тожикистон, Шимолий Афғонистон ҳудудлари)ни тўла арабларга бўйсундирди.
707 йили Пойкент  (ҳозирги Қоракўл тумани ҳудуди) ва Ромитанни, 709 йили Варахша (ҳозирги Жондор ва Пешкў туманлари ҳудудлари), Вардона (ҳозирги Шофиркон тумани ҳудуди) ва Бухорони, 710 йили Шуман, Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз тумани ҳудуди), Насаф (ҳозирги Қарши шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудуд)ни,  712 йили Хоразм ва Самарқандни, 713 ‒ 715 йилларда Шош (Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудуд), Фарғона ва Кошғарни араб халифалигига тобе этди (Қаранг: Р а ж а б о в  Қ. Қутайба ибн Муслим. // Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Т. 11. ‒ Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2005. ‒ Б. 170).
Ана энди яна бир савол ўртага тушади: хўш, Ўзбекистонимизда дастлабки масжид қачон ва қаерда бунёд этилган?
Бу савол ҳам ҳар қандай мусулмон умматни қизиқтиради ва унинг тарихан муҳим аҳамиятга ҳам эга эканига ҳеч қандай шубҳа ‒ йўқ.  
Бутун Мовароуннаҳрдаги илк жоме масжид ҳам 712/713 йили айнан Бухоро шаҳрида Арк қалъаси ёнида қурилди. Қутайба кейинчалик бошқа шаҳарларда ҳам масжидлар бунёд эттирди.
Шуни ҳам эслатиб ўтайликки, Марказий Осиёдаги дастлабки тизимли мадраса ҳам айнан Бухоро шаҳрида бунёд этилган. ХIХ аср тарихчиси Ал-Хавонсорийнинг “Равзат ул-жаннот” (“Жаннат боғлари”) китобида қайд этилишича, биринчи қурилган мадраса Бухорода бўлган. Бу фикрни ХХ асрда ислом мадрасалари тарихини муфассал ўрганган ироқлик профессор Ножий Маъруф ҳам маъқуллайди.
Шу пайтгача илмда, салжуқий вазир Низом ул-Мулк милодий 1066 йили Бағдодда барпо этган мадраса ‒ ислом цивилизацияси тарихидаги биринчи тизимли мадраса, деган қараш мавжуд эди. Аммо манбаларда бу мадрасадан қарийб  икки ярим аср бурун Бухорода тизимли мадрасалар бўлганини  исботлайди. Абу Ҳафс Кабир мадрасаси (у “Ҳафсия” деб ҳам аталган) Бухородаги энг қадимий олий таълим муассасаси бўлган. Ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ҳазратлари ҳам шу мадрасада таълим олган. Худди шу йилларда Бухорода Калобод (Гулобод) ҳамда Ғарибия олий  мадрасалари ҳам қад ростлаган. Буюк тарихчи Муҳаммад Наршахий милодий ҳисобда 937 йили май-июнь ойида Форжак мадрасаси ёниб, вайрон бўлганини ёзади. Бу Бухородаги IX асрдан фаолият олиб борган қадимий мадрасалардан эди.
Шу тариқа Бухоро ислом оламидаги йирик илмий марказ сифатида катта шуҳрат қозонди. Х аср адабиётшуноси Абу Мансур ас-Саолибий Бухорони “Масобат ул-мажд” (“Буюклик чўққиси”), “Каъбат ул-мулк” (“Мамлакат каъбаси”), “Мужтамеъ афрод уз-замон” (“Замон нодирлари жамланадиган маскан”), “Матлаъу нужуми удабо ал-арз” (“Ер аҳли адиблари юлдузлари чиқар макон”), “Мавсиму фузало ад-даҳр” (“Замон фозиллари тўпланадиган юрт”)  деб таъриф беради. XI аср олими Ал-Ёқутий: “Бухоро ‒ фақиҳлар мужаммаси (академияси) ва фозиллар макони. Бухороликлардек илм аҳлига эҳтиромлироқ бошқа шаҳар халқини кўрмаганман”, ‒ деб ёзган.
XVII аср тарихчиси Аҳмад ибн Юсуф ал-Қирмоний “Ахбор уд-дувал ва осор ул-аввал фи-т-тарих” китобида: “Бухоро — фазилатини санаб адоғига етиб бўлмайдиган шаҳар. У ‒ иймон қуббаси (гумбази), уламо, обид, солиҳ ва зоҳидлар мужаммаси (академияси)”, ‒ дея таърифлаган.  
Бир муҳим жиҳатни эсдан чиқармайликки,  юртимизга ислом динини олиб келган саркарда Қутайба ибн Муслимнинг қабри ҳам ‒ Ўзбекистонимизда. Уни халқимиз, мана, 13 асрдан ошиқроқ даврдан бери эъзозлаб келяпти. У Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманидаги Кох қишлоғида дафн этилган. Ҳозир у ‒ бир боғнинг ичида.
Тарихчиларнинг манбаларга таяниб маълумот беришича, Қутайба янги халифа Сулаймон(у 715 ‒ 717 йиллари ҳукмронлик қилган)га бўйсунмай қўйган. Бу эса Мовароуннаҳрдаги араб қўшинлари ўртасида норозиликка, охир-оқибат исён кўтарилишига сабаб бўлган. Исёнчилар 715 йили 55 ёшли Қутайбани қатл этишади.  
Тарих ‒ жуда мураккаб жараён. Аччиқ ҳақиқат ‒ шуки, уни жамият баданидан кесиб ташлашнинг ҳеч иложи йўқ. Ҳар қандай ўтмиш халқнинг тақдирига битилган бўлади. Аммо ҳар давр, ҳар сиёсат тарихни ўз мақсад-муддаоларидан келиб чиқиб талқин этаверади. Бинобарин, шўро даврида ҳукмрон сиёсат Қутайбага босқинчи сифатида қаради. Буни тўла инкор этиб ҳам бўлмайди, албатта. Бироқ Қутайба билан бирга юртимизга муқаддас ислом дини кириб келгани ҳам ‒ айни ҳақиқат.
Биз бугун шуни жиддий инобатга олишимиз ‒ зарур.
Шу таҳлиллардан ҳам маълум бўляптики, мамлакатимизга ислом кириб келганига 2021 йили 1314 йил тўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган тарихий нутқида Марказий Осиё Уйғониш даври кўплаб ёрқин намояндаларининг ислом ва жаҳон цивилизациясига қўшган бебаҳо ҳиссасини алоҳида кайд этди. Юртбошимиз, жумладан, буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳақида шундай деди: “Ана шундай буюк алломалардан бири Имом Бухорий ўз аҳамиятига кўра ислом динида Қуръони каримдан кейинги муқаддас китоб ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг муаллифи сифатида бутун дунёда тан олинган. Бу улуғ зотнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида биз Самарқанд шаҳрида Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот марказини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Тошкентда ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти ҳам шу мақсадга хизмат қилади”.
Ўзбекистонимиздаги ислом тарихини кўрсатиш ҳам Тошкентда иш бошлаган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази бевосита вазифаларидан бири ҳисобланади. Ислом тарихи эса бу муқаддас диннинг юртимизга кириб келишидан бошланади.
Жаҳонда: “Исломнинг илдизи Араб диёрида бўлса ҳам, унинг дарахти Мовароуннаҳрда мева берди”, ‒ деганга ўхшаш қараш юради. Бу бежиз эмас. Имом Бухорий ҳадис илмини, Имом Мотуридий калом илмини, Бурҳониддин Марғиноний фиқҳ илмини, Хожа Аҳмад Яссавий, Шайх Нажмиддин Кубро, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмини бутун ислом оламидаги энг юксак чўққига кўтарди. Ислом бағрида аниқ ва табиий фанлар ҳам равнақ топди.  Мусо Хоразмий,  Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби алломалар етишди. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби сўз усталари ўзбек тилидаги исломий бадиий адабиётни баланд поғоналарга олиб чиқди.
Гапни узоқлардан бошлаб келганимиздан кўзланган муайян мақсад-муддаомиз ‒ бор. Таклифимиз ‒ аниқ: янаги 2022 йили муқаддас ислом дини Ўзбекистонимизга кириб келганининг 1315 йиллигини халқаро миқёсда катта тантаналар билан нишонлаш, бунинг учун тегишли қонуности ҳужжат қабул қилиш ‒ зарур.

Султонмурод ОЛИМ,
филология фанлари номзоди, “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.  

Комилжон РАҲИМОВ,  
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, “Нақшбандия” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:07
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram