ҚУРБОНЛИКДА ШЕРИКЛИК
19 июл 2021 й.
150 марта ўқилди.

 
ҚУРБОНЛИКДА ШЕРИКЛИК

Қўй ёки эчки қурбонлик қилмоқчи бўлган киши қурбонликда бошқа бировни шерик қила олмайди. Ушбу ҳайвонлар фақат бир оила номидан сўйилади. Пайғамбар алайҳиссалом ҳар гал қўчқор қурбонлик қилганларида, бошқаларни шерик қилмаганлар. Ваҳоланки, баъзан ўзлари номидан битта, қурбонликка қодир бўлмаган умматлари номидан яна битта сўйганлар. 
Шундай экан қўчқор ёки эчки қурбонлик қилмоқчи бўлганлар бу ишида ҳеч кимни шерик қилмасдан, фақат ўзининг номидан сўйиши керак.
Қорамол ёки туяни етти кишигача шерик бўлиб сўйиш мумкин. 
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳудайбия йили Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан туяни етти киши, сигирни етти киши номидан қурбонлик қилдик» (Имом Муслим ривояти).
Аммо шерикчиликда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Бунинг ҳам ўзига яраша қонун-қоидалари мавжуд. 
Биринчидан, шерикларнинг ҳаммаси мусулмон бўлиши керак. Агар улардан бирортаси бошқа дин вакили бўлса, ҳеч қайсисининг зиммасидан қурбонлик соқит бўлмайди.
Иккинчидан, шерикларнинг барчаси қурбонликни ният қилган бўлиши шарт. Агар улардан бирортаси шунчаки гўшт учун қўшилган бўлса, қолган барча шерикларнинг қурбонлиги ўтмайди. 
Учинчидан, сўйилган ҳайвоннинг гўшти шериклар ўртасида тенг тақсимланишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур. Мабода тақсимотда адолатсизлик қилинса, қурбонлик ўз ўрнига тушмай қолади.
Тўртинчидан, қорамол камида икки ёшга, туя эса беш ёшга кирган бўлиши керак. Агар улардан ёшроғи танланса, қурбонлик ўрнига ўтмайди.
Бешинчидан, шерикларнинг чин дилдан розилиги керак. Улардан бирортаси ўз хоҳиши ила рози бўлмаса, мажбурлаб шерикликка қўшилмайди.
Олтинчидан, эрнинг ҳам аёлнинг ҳам моли нисобга етган бўлса, ҳар бирига алоҳида-алоҳида қурбонлик вожиб бўлади. Ана шундай ҳолат юз берганда, эркак ўзининг хотинини етти кишининг бири сифатида шерик қилиши жоиз. Яъни, эр бир киши, аёли бир киши ўрнига ўтади ва улар яна беш кишини шерикликка қўшишлари мумкин.
Шундай экан, қурбонликни шерик бўлиб сўйишни ният қилганлар ушбу кўрсатмаларга риоя этишса, қурбонликлари мукаммал ҳолда ўз ўрнига тушади, иншааллоҳ.
 

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:34
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram