МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ КАФОЛАТИ
04 декабр 2014 й.
2391 марта ўқилди.

МИЛЛАТ МАНФААТЛАРИ КАФОЛАТИ


Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, шу жумладан, виждон эркинлиги барча давлатлар конститутциялари каби Қомусимизда ҳам акс этган. “Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар” (VII) боби 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний  қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди”, дейилган. Эътибор берсак, мазкур модда нафақат диний конфессиялар вакилларининг, балки ҳеч бир динга эътиқод қилмайдиган шахсларнинг тенглиги ва тотувлигини ҳам таъминлашга хизмат қилиши назарда тутилган.
Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида авж олдиришга қаратилган ҳатти-ҳаракатларга йўл қўймайди.
Муқаддас динимиз маънавиятимиз асоси эканини эътироф этиб, Президентимиз бундай дейдилар: “Биз ўз миллатимизни мана шу муқаддас диндан айри ҳолда асло тасаввур қила олмаймиз. Диний қадриятлар, исломий тушунчалар ҳаётимизга шу қадар сингиб кетганки, уларсиз  биз ўзлигимизни йўқотамиз”; “Ўзбекистон раҳбари сифатида қандайдир ёвуз кучлар муқаддас Ислом динимизни, ота-боболаримиз эътиқодини, мусулмон фуқароларимизни таҳқирлашига, жамиятимиз ҳаётига хавф туғдиришига ҳеч қачон йўл қўймайман.” Бу эса фуқароларимизнинг аксариятини мусулмонлар ташкил қилган мамлакатда мусулмонлар билан бирга бошқа диндорларнинг эътиқод ва эркинликлари ҳимоя қилинишини ҳамда динимизнинг бағрикенглигини кўрсатади.
Қомусимиз нафақат демократик тамойилларга, балки минг йиллар давомида ривожланиб келган миллий маънавиятимиз асосларига ҳам таянади. Шаръий манбаларимизда ҳам динлар орасидаги муносабат тўла ҳуқуқий тарзда ҳал қилинган.
31-модданинг охирида бундай дейилган: “Диний қарашларни мажбурий сингдиришга йўл қўйилмайди,” яъни “давлат диний конфессиялар ўртасидаги тинчлик ва тотувликни қўллаб-қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти-ҳаракатлар (прозелитизм), шунингдек, бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати  фаолияти ман этилади. Ушбу  қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар”.
Бироқ, конститутциямизнинг мазкур моддасини бузиш ҳоллари ҳозир кўп учрамоқда. Тошкент, Бухоро, Самарқанд ва шу каби катта шаҳарларимизда чет эл миссионерларининг  ҳаракатлари авж олгани кузатилаяпти. Улар тил ўргатиш, чет элга ўқишга юбориш баҳонасида ва “асосий” фаолиятларини хаспўшлаш мақсадида тил марказлари, маслаҳатхона ва шунга ўхшаш марказлар очиб, ғаразли мақсадларини амалга оширяптилар. Қизиғи шундаки, миссионерларнинг аксарияти ўзбек тилида яхши гапира олади, ҳеч бўлмаса тушунади. Диний маълумоти кам ё умуман бўлмаган, ёки таъсирга берилувчан айрим фуқароларимиз, талабаларимиз моддий-маънавий қийинчиликларни рўкач қилиб чет эл миссионерларининг ғаразли ниятларига алданиб қолмоқдалар, уларнинг найрангларига учмоқдалар.
Олдимизда давлатимиз мустақиллигини, муқаддас динимизни ҳимоя қилиш, қадриятларимиз ва у билан боғлиқ тарихий бой меросимизни келажак авлодга тўла тўкис, бут-бутун етказиш масаласи кўндаланг турибди. Бунинг учун даъват нимаю миссионерлик нима эканини ажратиб олиш, кўчада ғаразли адабиётлар тарқатаётганларга бефарқ бўлмай, текшириб кўриш ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни бундан хабардор қилиш лозим бўлади.
Бу ҳатти-ҳаракатларга бефарқ бўлсак, ёш давлатимизга қарши тайёрланаётган таҳдид-хуружлардан бехабар қоламиз, уларга келажагимиз пойдевори бўлган ёшларни топшириб қўямиз. Бу фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлар вазифасигина эмас, биз ҳам бунга бефарқ бўлмай ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Биз мусулмонлар Қомусимиз кафолатлаган, таъминлаб берган модда ва қонунларни яхши билишимиз, динимизга, ақидамизга қарши хуружлардан огоҳ бўлишимиз лозим.

ЎМИ  Бухоро  вилояти  вакили  М.Нуруллаев

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:43
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram