Мўъжиза булоғи
02 декабр 2014 й.
2654 марта ўқилди.

Мўъжиза булоғи


   Замзам суви жаннат булоғларидан бир булоқ бўлиб, Иброҳим алайҳиссаломнинг дуолари шарофатидан Аллоҳ таоло инъом этган улуғ неъматдир. Маккаи Мукарраманинг пайдо бўлиши, унинг атрофида ҳаёт кечирилишига ҳам замзам суви сабабдир. Ҳамда  Ҳарамдаги катта мўъжизалардан бири ҳам замзамдир. У ер юзидаги энг буюк жойдаги энг яхши сув бўлиб, Исмоил алайҳиссаломнинг оёқлари остидан Жаброил алайҳиссалом чиқарган сувдир.  
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Аёллардан биринчи бўлиб белбоғ боғлаган киши Исмоилнинг оналаридир. У киши Сорага бўлган ўзининг таъсирини кетказиш учун ҳам белбоғ боғлаганлар.
Ўша вақтда фақат хизматкорлар белбоғ боғлашар эди. Ҳожар онамиз Сора онамизнинг олдида ўзини у билан тенг кундош эмас, балки унинг хизматкори қилиб кўрсатиш учун шундоқ қилганлар.
Иброҳим алайҳиссалом Хожар онамизни ва ўғли Исмоилни Байтнинг ўрнига қўйиб кетган. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, сув ҳам бўлмаган.
У зот икковларининг олдига бир хурмоли халта ва сувли меш қўйиб ортларига қайтганлар. Хожар онамиз у зотга эргашиб:
«Эй Иброҳим! Бизни кимсасиз, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб, қаёққа кетмоқдасиз?!» деб бир неча марта такрорладилар, аммо у зот ўгирилиб қарамасдилар. Шунда у зотга:
«Аллоҳ сени шунга амр қилдими?» деди.
У зот «ҳа», дедилар:
«Ундоқ бўлса бизни зое қилмайди», деди-да, Хожар онамиз ортларига қайтдилар.
Иброҳим алайҳиссалом эса, йўлида давом этди. Қачонки, у зот тепалик йўлидан ўтиб, улар уни кўрмайдиган бўлганида Байтга юзланиб, дуо қилдилар:
«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимни Сенинг Байтул ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим».
Хожар онамиз Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турдилар. Мешдаги сув тамом бўлганда ўзлари ҳам, ўғллари ҳам чанқади. Унга қараса, у тўлғаниб типирчилар эди. Унга назарим тушмасин деб, юриб кетдилар. У киши ўзларига энг яқин бўлган Сафо тоғини кўрдилар ва унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман, деб водий томон назар солдилар. Ҳеч кимни кўрмадилар. Кейин Сафодан тушдилар, водийга етганларида кўйлакларининг этагини кўтариб, қаттиқ ҳаракат қилган инсондек саъй қилиб водийдан ўтдилар. Сўнгра Марвага келдилар. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман, деб водий томон назар сола бошладилар. Аммо яна ҳеч кимни кўрмади. Етти марта ана шундоқ қилдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Пайғамбар алай¬ҳиссалом:
«Ана ўша одамларнинг иккиси орасидаги саъйдир», дедилар», деди.
У киши Марвага чиққан пайтларида бир овоз эшитдилар. Ўзларига ўзлари жим, дедилар-да, сўнгра қулоқ солдилар. Яна ўша овозни эшитгач, шундай дедилар:
«(Овозингни) эшиттирдинг. Агар имконинг бўлса, менга ёрдам бер».
Шунда замзамнинг ўрнида фариштанинг товони ила ёки қаноти ила ниманидир излаётганини кўрдилар. Охири у ердан сув чиқди. Ҳожар онамиз сувни тўса бошладилар. Икки қўллари билан ҳовучлаб олиб, мешга қуя бошладилар, сув тўхтовсиз отилиб чиқарди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳмат қилсин. Агар замзамни тек қўйганида ёки сувни ҳовучлаб олмаганида замзам кўриниб турадиган булоқ бўлар эди», дедилар.
Ўзлари ҳам, гўдаклари Исмоил ҳам сувга тўйиндилар. Фаришта уларга:
«Зое бўлишдан қўрқма. Бу ерда Байтуллоҳ бор. Уни манави бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта, Аллоҳ Ўз аҳлини зое қилмайди», деди. Имом Бухорий ривоят қилган.

 Замзам суви билан Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг қалблари ювилди ва у Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг севган булоғларидир. Замзам суви таъом истагувчига таъом ва барча касалликка шифодир.


 عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: زَمْزَمُ طَعَامُ طُعْمٍ وَشِفَاءُ سَقَمٍ. رواه الحاكم والبيهقي في الكبرى 

Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замзам таом истагувчига таом ва беморга шифодир”, дедилар”.
У бош оғриғини қолдиради ва унга назар солиш билан кўриш зиёси ошади. Уни ким нима ниятида ичса, Аллоҳнинг изни билан ўша ниятига эришади.


 عَنْ جَابِرٍ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: مَاءُ زَمْزَمَ لِمَا شُرِبَ لَهُ. رواه أحمد وابن ماجه

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Замзам суви нима учун ичилса, у бўлади”, дедилар”.


خَمْسٌ مِنَ العِبادَةِ النَّظَرُ إلى المُصْحَفِ والنَّظَرُ إلى الكَعْبَةِ والنَّظَرُ إلى الوَالِدَيْنِ والنَّظَرُ في زَمْزَمَ وَهِيَ تَحُطُّ الخَطايا والنَّظَرُ في وَجْهِ العالَمِ.

Жалолиддин Абдурраҳмон ибн Аби Бакр ас- Суютий ўзларининг Фатҳул кабир асарларида. Беш нарса ибодатдандир: “Мусҳафга назар солиш, Каъбага назар солиш, ота-онага назар солиш, замзамга назар солиш ва у хатоларни ўчиради ва олим юзига назар солишдир”, деганлар.
Замзам улуғ зотларнинг истеъмол қиладиган энг яхши суви бўлиб, у ичиш билан туганмас бойликдир. У ер юзидаги биринчи булоқ бўлиб, унинг пайдо бўлганига беш минг йилдан ошди.
Замзам сувининг ичиш одобларидан: Идишни ўнг қўл билан ушлаб,  қиблага юзланиб, яхши дуоларни қилиб, бисмиллоҳни айтиб, туриб ичишдир.


عن ابن عباس رضي الله عنهما  قَالَ : سَقَيْتُ النَّبيَّ  صلى الله عليه وسلم مِنْ زَمْزَمَ  فَشَربَ وَهُوَ قَائِمٌ . متفق عَلَيْهِ . 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга замзам сувидан бердим. У зот туриб ичдилар”, дедилар.


وكان بن عباس إذا شرب ماء زمزم قال: اللهم أسألك علما نافعا ورزقا واسعا وشفاء من كل داء.

Агар Ибн Аббос замзам сувидан ичадиган бўлсалар: “Аллоҳумма асълука ъилман нафиъан ва ризқан васиъан ва шифаан мин кулли даин”, дердилар. Яъни: Эй Илоҳим, Сендан фойдали илм, кенг ризқ ва барча касалликдан шифо сўрайман. 
Уни уч нафасда тўйиб ичиш яхшидир. Замзам сувини ичиб бўлгач алҳамдулиллаҳ демоқ суннатдир.


عن عثمان بن الأسود: قال جاء رجل إلى بن عباس فقال: من أين جئت فقال: شربت من زمزم فقال له بن عباس أشربت منها كما ينبغي قال: وكيف ذاك يا بن عباس قال: إذا شربت منها فاستقبل القبلة واذكر اسم الله وتنفس ثلاثا وتضلع منها فإذا فرغت منها فاحمد الله فإن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: آية بيننا وبين المنافقين أنهم لا يتضلعون من زمزم. هذا حديث صحيح على شرط الشيخين.

Усмон ибн Асваддан ривоят қилинади: “Бир киши Ибн Аббосни олдиларига келди. У зот қаердан келдинг дедилар. У замзам ичиб келяпман деди. Ибн Аббос унга рисоладагидек ичдингми? дедилар”. Эй ибн Аббос у қандай бўлади деди. “Агар замзам сувидан ичадиган бўлсанг, қиблага юзланиб, Аллоҳни исмини айтиб, уч нафасда тўйиб ичгин. Агар тугатсанг Аллоҳга ҳамд айтгин дедилар”. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Биз билан мунофиқлар орасидаги белги, яъни фарқ, улар замзамдан тўйиб ичмайдилар”, дедилар.
Демак, замзам суви ер юзидага энг яхши ва энг севимли сув бўлиб, инсон учун ҳаж ва умра зиёратидан олиб келадиган энг қадрли сувдир.


عن هشام بن عروة عن أبيه : أن عائشة رضي الله عنها كانت تحمل ماء زمزم و تخبر أن رسول الله صلى الله عليه و سلم كان يفعله.

Ҳишом ибн Урвадан у  отасидан ривоят қилади: “Оиша розияллоҳу анҳо замзам сувини олиб юрар эдилар. “Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар” - деб, хабар берар эдилар.
 

Жобир Элов
Болои ҳовуз жомеь масжиди имом хатиби


 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:44
Пешин: 13:10
Аср: 15:50
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram