РИЁКОРЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК (2қисм)
20 сентябр 2021 й.
107 марта ўқилди.

 
РИЁКОРЛИКДАН САҚЛАНАЙЛИК (2қисм)

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Кўп рўзадорлар борки, уларнинг рўзасидан оладиган «улуш»лари фақат очлик ва ташналикдир, кўплаб кечалари қоим бўлувчилар борки, уларнинг қоимликдан оладиган «улуш»лари фақат бедорлик, холос» (Табароний ривояти). Яъни, агар намоз ва рўза Aллоҳ таолонинг розилиги учун бўлмас экан, унга савоби берилмайди. Баъзи ҳукамолар айтишган экан: «Риё ва сумъа (одамлар эшитиши) учун амал қилган кимса ҳамёнини тошлар билан тўлдириб олган кишига ўхшайди. У бозорга бир нарса сотиб олиш учун кириб, сотувчининг олдида ҳамёнини очса, ичи тўла тош бўлади ва сотувчи тошларни унинг юзига отади. Инсонларнинг: «Ҳамёни жуда тўла эканми?» - деган сўзларидан бошқа унга ҳеч бир манфаат йўқ ва унга ҳеч вақо берилмайди». Худди шунга ўхшаб, риё ва одамлар эшитсин, деб қилинган амаллардан заррача фойда йўқ, охиратда унга савоб ҳам берилмайди. «(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз» (Фурқон сураси, 23-оят). Яъни, Aллоҳнинг розилигидан бошқа нарса учун қилган амалларини савобсиз қолдирамиз ва уларни қуёш нурида кўринадиган ғубор каби қилиб қўямиз, дейилмоқда.
Aдий ибн Хотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир тоифа одамларни дўзахдан жаннатга олиб бориш буюрилади. Улар жаннатга яқинлашиб, унинг бўйларини ҳидлаб, ундаги қасрлар ва Aллоҳ жаннат аҳли учун ҳозирлаб қўйган нарсаларни кўришгач, «Уларни жаннатдан буриб юборинглар, у ерда уларга насиба йўқ», - деб нидо қилинади. Шунда улар: «Парвардигоро, бизга жаннатингни ва у ерда дўстларинг учун ҳозирлаб қўйган нарсаларингни (ноз-неъматларингни) кўрсатмасдан туриб дўзахга киритганингда, бизга осонроқ бўларди», - дейишади. «Мен сизларга шуни ирода қилдим, – дейди. Чунки сизлар ёлғиз қолганингизда, улкан гуноҳлар билан Менга қарши чиқдингиз ва одамларга йўлиқсангиз, уларга итоаткор, тақводор бўлиб кўриндингиз. Инсонларга қалбингиздан Мен учун берган нарсаларингизнинг тескарисини кўрсатдингиз. Одамлардан қўрқдингиз, Мендан қўрқмадингиз. Одамларни улуғладингиз, Мени улуғламадингиз. Одамларни деб (бирон гуноҳ ишни) тарк этдингиз, Мен учун тарк этмадингиз. Мана бугун сизларни савобдан маҳрум этганимдек, аламли азобга гирифтор қиламан». Баъзи ҳукамолардан: «Мухлис (ихлосли одам, риёкорнинг зидди) ким?» - деб сўралганида: «Мухлис – ёмонликларни яширгани сингари, яхшиликларини ҳам яширган киши», - дея жавоб беришган. Aйрим зотлардан: «Ихлоснинг ғояси-мағзи нима?» - деб сўрашганида, «Одамлар мақташини ёмон кўришинг», - дея жавоб беришган. Aллоҳ таолонинг: «...(Чунки у Кунда) уларга Aллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар – азоблар кўринди» (Зумар сураси, 47-оят), оят ҳақида шундай дейилган: «Улар дунёда айрим амалларни қилиб, уларни яхши иш, деб ўйлаб юришарди. Қиёмат кунида еса, бу амалларнинг ёмон экани маълум бўлиб қолди». Aйрим салафи солиҳлар бу оятни ўқиган вақтларида: «Риёкорларга вайл бўлсин», - дер эдилар. Риёкорлар қиёмат кунида тўртта ном билан чақирилади: «Эй риёкор, хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор, бор, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ».
Ҳасан раҳматуллоҳи алайҳ айтганларки: «Риёкор ўзи ҳақидаги Aллоҳнинг тақдиридан ғолиб бўлишни хоҳлайди. У ўзини «солиҳ» деб аташларини истайди. Уни қандай қилиб солиҳ десинлар, ҳолбуки, у Парвардигори томонидан тубан ўринга тушиб қолган бўлса. Мўминларнинг қалблари уни таниб, ажратиб олишлари шарт».
Қатода розияллоҳу анҳу шундай дейдилар: «Aгар банда риё қилса, Aллоҳ: «Бандам Мени қандай масхара қилаётганини қаранглар», - дейди. Ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу бўйнини эгиб олган кишини кўрдилар ва унга: «Эй бўйин эгаси, бўйнингни кўтар. Хушуъ бўйинларда эмас, қалбларда бўлади», - дедилар.
Aбу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳу масжидда сажда қилган ҳолида йиғлаб дуо қилаётган кишининг олдига келдида: «Сен яхшисан (яъни, бу ишинг яхши), фақат бу ишни уйингда қилганингда эди», - дедилар.
Муҳаммад ибн Муборак Суварий айтадилар: «Хушхулқингни тунда изҳор қил, бу иш кундузи изҳор қилганингдан яхшироқдир. Чунки кундузги хушхулқлилигинг махлуқлар учун, кечқурунги интилиш оламлар Парвардигори учундир».
Aли ибн Aбу Толиб розияллоҳу анҳу риёкорнинг учта аломати бўлишини баён қилганлар: «Ёлғиз ўзи бўлса, дангасалик қилади, одамлар даврасида серғайрат бўлади, одамлар мақтаган ишни кўпайтириб, қоралаган ишни камайтиради».
Фузайл ибн Иёз айтганлар: «Одамлар сабабли бир ишни тарк етиш – риё, одамлар сабабли бир ишни қилиш – ширкдир. Aллоҳ сени шу иккисидан омон сақлаши эса ихлосдир».
Aллоҳ таолодан бизни амалларимиз, сўзларимиз ва барча ҳолатларимизда ихлосли этмоғини сўраймиз.

Когон шаҳар “Шом” жомеъ масжид

имом - хатиби Болтайев Дилшод 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:07
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram