ШИРКДАН САҚЛАНАЙЛИК
23 июл 2021 й.
104 марта ўқилди.

 
ШИРКДАН САҚЛАНАЙЛИК

Аллоҳ таоло ҳадси қудсийда шундай дйди: "Бир эзгуликни ўн баробар ёки ундан ҳам ортиғи билан қайтараман. Гуноҳ учун эса, бир бора жазолайман ёки махфират этаман. Агар қулим бир дунё гуноҳ билан ҳузуримга келса, Менга ширк келтирмаган, яъни Менга шерик қўшмаган бўлса, уни бир дунё махфират билан кутиб оламан." Муслим ва Абу Нуайм  Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят этишган. 
Айтайлик, сиз таҳорат олиб, ғусл қилиб, покланганингиз учун Аллоҳнинг савобига сазовор бўласиз, сиз ўзингизга яхшилик қилганингиз учун, Аллоҳ ҳам сизга яхшилик қилмоқда. Бунданда меҳрибонроқ зотни топиш мумкинми? Асло, йўқ. 
Албатта, ҳар бир мўмин, мусулмон қиладиган ҳар ишда Аллоҳ ризолигини ният қилса, яхши иши учун  ўн баробар ё ундан ҳам зиёда яхшилик кўриш бу Аллоҳнинг лутфи, фазли, карами. Ва У Зотнинг бандага меҳрибонлигидир. 
Мўмин барча ишларида эҳтиёткорлик билан хавфнинг олдини олиб қўйишга ҳаракат қилади. Ўйлашда, фикрлашда, фикрни ифода қилишда ҳам жуда эҳтиёт бўлиши керак экан. Бу борада Шайх Фаридиддин Атторнинг  "Тазкират-ул авлиё" асаридан бир нақл келтирамиз. 
Бир улуғ зот Боязидни тушида кўриб, сўрадилар: "Аллоҳ сизга қандай муомалада бўлди?" Боязид айтдилар. Аллоҳ мендан сўради: 
- Эй Боязид Менга не келтирдинг? 
- Эй Роббим! Ҳеч нарса келтираолмадим, ширк ҳам келтирмадим,- дедим. 
Жаноби Ҳақ марҳамат қилди: 
- Сут ичган кечангда ширк этмадингми? 
 Шайх дедики, бир кеча сут ичдим-да, қорним оғриди. Ногоҳ кўнглимга келдики, кошки сут ичмасам эди, қорним оғримасди.
Аллоҳ таоло: “Қорнинг оғриганини Мендан эмас, сутдан кўрдинг,- деб, марҳамат этди”.
 Энди биз ожиз бандаларнинг ҳам кўр - кўрона қилаётган кўпгина ишларимиз ҳам ширк эканда. Масалан:
Дарвозамиз пештоқида тақа қоқиб қўйишимиз ёки елим идиш (баклашка)га туз солиб осиб қўйишимиз, ёки дарвозахонада исириқ, қалампир ёки ҳеч бўлмаганда жигда дарахт новдасини суқиб қўйишни нима дейиш мумкин? Ёки боламизнинг қўлига, оёғига кўз тегмасин деб кўзмунчоқ боғлаб қўйишга нима дейсиз? Ёки ҳовлининг кираверишида, кўзга кўринадиган жойида, шохли қўчқорними ё ёввойи бир шохли ҳайвонними калла суягини илиб қўйишга нима дейсиз? Ҳа, нима эмиш. Кўз тегмасмиш, шу шохли калла суяги, бало-қазони қайтарар эмиш.
Ахир сен тақво қилгин, Аллоҳнинг буйруқларида қойим бўл, сенга келадиган бало-қазони Роббингни  Ўзи қайтаради.  "Аллоҳ таоло тақволи бандаларини хавф-хатардан Ўзи омонда сақлайди. "Аъло" сураси, 15-16 оят. Ҳеч қачон бало-қазони калла суяги ёки туз, қалампир мунчоқ  қайтара олмайди. Агар банда тақводор бўлса, барча мушкулларни Роббим,  "Менга қўйиб бер, Ўзим сени ҳимоямга оламан" деяпти. 
Бизда яна бир катта салбий, иллат, чуқур илдиз отиб кетган. Келин-куёвни шам ёқиб, чимилдиққа киритиш, куёвни жар ёқиб олиб келиш, келин-куёвни олов атрофидан айлантириш кабилар зардуштий оташпарастлардан қолган удум эмасми? Нега биз Аллоҳни қўйиб, оловга сиғиняпмиз. Бу ширк эмасми? 
Хўш ширк нима ўзи? Ширк бу Аллоҳ таолога шерик қўшиш. Аллоҳдан умидини узиб, бошқасидан ёрдам кутиш. Ширкнинг асл маъноси - мутлақо куфр.
Ширк 2 хил;
1. Ширки хофий - ихлоссизлик, риёкорлик, Аллоҳ ризоси учун эмас, бошқанинг ёки бошқаларнинг ризоси учун ибодат қилмоқ. 
2.  Ширки олуд - ширк аралашган, Аллоҳдан ғафлатда қолиб, бошқасидан мадад кутиш дегани. 
Асҳоблардан бири  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан  ширкдан тийдирувчи амал нима деб сўрашганда, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам "Кофирун" сурасини ўқиб юриш билан ширкдан сақланиш мумкинлигини билдирганлар. Демак, ҳар бир дарднинг давоси бўлганидек, ҳар қандай хавфнинг ҳам олдини олиш мумкин. 
Ихлос - Аллоҳни севишдир. Ишқуллоҳ билан тўла кўнгилда ширкка ўрин қолмайди. Ширк хавфидан барчамизни Ўз паноҳида асрамоқни Аллоҳдан сўраб қоламиз. 

Манбалар асосида тайёрланди

Вобкент тумани, Арабхона МФЙ отинойиси Нурова Розия 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:31
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram