Мақолалар
16 феврал 2018 й.
Диний экстремизм ва терроризмнинг келиб чиқиш сабаблари
Диний экстремизм ва терроризмнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш жуда муҳим ҳисобланади. Зеро бирор касалликни даволашдан олдин унга тўғри ташхис қўйилмаса, уни келтириб чиқараётган сабаб аниқланмаса унинг муолажаси тескари натижага олиб келади. Шундай экан экстремизм ва террорирзмни келтириб чиқарадиган омилларни ҳам атрофлича ўрганиш керак бўлади. Экстремизм сўзи ўтган асрга бориб тақалсада, аслини олганда экстремистик, жамиятга таҳдид солувчи оқимлар барча динларда қадимдан кузатилган. Ушбу мақолада биз асосан мусулмонлар орасидан ажраб чиққан экстремистик оқимлар ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бу борада Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Имом Термизий ривоят қиган ҳадисда мусулмонлар 73 фирқага бўлиниб кетишлари ва улардан фақат биригина тўғри йўлда бўлишини башорат қилиб ўтганлар. Ана шундай ҳаддидан ошган оқимлардан биринчиси хорижийлар эди. Улар катта гуноҳ қилганларни куфрда айблашган. Улардан кейин юзага чиққан кўпчилик оқимларда ҳам худди мана шу ҳолатни яъни кўпчилик мусулмонларни кофирликда айблашлари кузатилади. Лекин ҳар бир оқимнинг ўзига хосликлари бўлса ҳам уларни умумлаштирувчи нуқта ўзларидан бошқа мусулмонларни адашган деб куфрда айблашликдир. Ушбу адашган фирқаларни келиб чиқиш сабабларини ўрганидиган бўлсак, ҳар бирининг ўзига хос шароит ва сабаблар доирасида ўрганишга тўғри келади. Кўп ҳолларда экстремистик оқимларни юзага келиши ёки ёшларни унга кириб қолишида диний сабабдан кўра кўпроқ ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий омиллар сабаб бўлади. Бу борада юртбошимиз шундай деган эдилар: “Муайян бир гурухлар тез бойиб кетишни ҳоҳлайди, шу боис қурол яроғ, гиёхванд моддалар сотиб, бирданига катта фойда кўрмоқчи бўлади. Ўзларининг мақсадига эришиш йўлида фитна-фасод уруғини сочади”. Бунда асосан иқтисодий мақсадлар кўзланган бўлади. Иккинчидан, сиёсий сабаблар туфайли. Бунга биринчи бўлиб юзага чиққан хорижийлар ва бугунги кунимиздаги ҳизбут таҳрир каби оқимларни киритиш мумкин.