Мақолалар
14 август 2017 й.
Биз янгиланиш, тафаккур ва фикр эркинлиги, эркин ижод қилиш, ўз қобилият ва иқтидоримизни рўёбга чиқаришга ҳар қачонгидан-да кўпроқ имконият яратилган бир даврда яшаяпмиз. Афсуски, бундай эркинликни ҳамма ҳам тўғри қабул қилавермайди, ўз фаолиятини эзгу ишларга сафарбар этавермайди. Табиийки, бу жараёнда инсониятнинг азалий душмани бўлган нафс офати башарият йўлига ҳар қачонгидан-да кўпроқ ғов бўлади.
Ана шундай мураккаб бир шароитда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, “Жаҳолатга қарши – маърифат” қуроли сифатида хизмат қилувчи, аждодларимиздан бизгача етиб келган бой маънавий мерос ўзига хос нажот қалъаси, ҳимоя қўрғони вазифасини ўтайди.
Муқаддас динимизда, шунингдек, аждодларимиз маънавий камолоти инъикоси сифатида дунёга келган тасаввуф таълимотида ҳам бу масалага мурожаат этилар экан, илм-маърифатнинг нажот фариштаси эканлиги такрор-такрор уқтирилганлигига гувоҳ бўламиз. Тасаввуф таълимотининг касб-ҳунар ўрганиш, тижорат ва бошқа турдаги тадбиркорлик ишлари билан боғлиқ масалалардаги энг илғор бунёдкор ғоялари бугун ҳам ўз қийматини йўқотмай, инсоният камолотига хизмат қилиб келмоқда. Бинобарин, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Баҳоуддин Нақшбанднинг “Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин”, деган ҳаётбахш ҳикмати динимизнинг олийжаноб маъно-моҳиятини ёрқин ифодалаб, худдики шу бугун айтилгандек жаранглайди”, деган фикрлари моҳиятида ҳам ана ўша умрбоқий қадриятга эҳтиром мужассамдир.