Бир оят шарҳи
23 феврал 2023 й.
345 марта ўқилди.

 Бир оят шарҳи

Аллоҳ таоло мўминларга битмас туганмас буюк бир неъматни берган. Бу неъматнинг қадри ва қиймати шунчалик баландки, инсоният бу неъмат борасида қанчалик излансин, унинг қарди ва қиймати шунча ошадики камаймайди. Демак, англаган бўлсак, биз Аллоҳнинг буюк каломи Қуръони карим ҳақида сўз юрутмоқдамиз. 
Аллоҳ каломини таърифлар экан, “Каҳф” сурасининг 109-оятида шундай дейди: “Агар денгиз Роббим калималарига сиёҳ бўлса-ю, унга ўз мислича мадад келтирсак ҳам, Роббим калималари тугашидан олдин денгиз тугаб қолур”. 
Фаразан, дунёдаги барча денгизлар сиёҳ бўлиб, барча дарахтлар қалам бўлса ва яна шулар ададича қўшилса, яъни, яна шунча денгизу дарахтлар қўшилса ҳам, бу сиёҳу дарахтлар тугайди ва лекин, Аллоҳнинг каломи ҳеч ҳам якун топмас. Аллоҳ уммати Муҳаммад с.а.в.га мана шундай улкан мўжизани туҳфа қилди. 
Бу мўжизавий каломда шундай бир оят бор:
رَحْمَتِي وَسِعَتْ كُلَّ شَيْءٍ ۚ فَسَأَكْتُبُهَا لِلَّذِينَ يَتَّقُونَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَالَّذِينَ هُم بِآيَاتِنَا يُؤْمِنُونَ (156) 
“Раҳматим эса ҳамма нарсадан устундир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман” (Аъроф сураси 156-оят). 
Ушбу оятни шарҳ қилган муфассирлар айтадиларки, “Аллоҳнинг раҳмати барча учундир. Мўминлар учун ҳам, кофирлар учун ҳам. Ҳаттоки, осий бўлган гуноҳкор бандалар учун ҳам Аллоҳ раҳмат дарвозасини очиб, уларга мўмин ва савобли амалларда пешқадам бўлган бандаларга ато этилган ризқдан камайтирилмаган ҳолда ато қилади”. 
Демак, Аллоҳнинг раҳматидан кофир ҳам, ғайридин ҳам умид қилади. Чунки, Аллоҳ оятда “ҳамма” лафзини ишлатган. Ҳаммани ичига кофир ҳам, бошқа дин аъзолари ҳам киради. Ҳаттоки, осийлиги ва кофирлиги билан барчага машҳур бўлган  лаънатланган шайтон ҳам Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлади. Юқорида айтганимиздек у ҳам “ҳамма” лафзини ичида бор. Лекин, оятнинг давомида Аллоҳ унинг раҳматига эришгувчилар кимлар эканини янада очиқроқ баён қилиб: “Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман”,- деди. Яъни, Аллоҳнинг раҳмати унга тақво қилган, молларидан закот берган ва Аллоҳнинг оятларига иймон келтирганлар учун эканини баён қилди. Оятнинг давомида келган бу баён шайтонни ноумид бўлишига сабаб бўлди. Яъни, шайтон Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлди. Чунки, шайтон Аллоҳга тақво қилмади, буюруғига амал қилмади, оятларини инкор қилди ва унинг ортидан ушбу буюк неъматдан бебаҳра ва ноумид бўлди. Халқ орасида “ноумид шайтон” деган гап ҳам айни мана шундан кейин пайдо бўлган. Шайтон ноумид бўлган ягона нарса “Аллоҳнинг раҳмати”дир. Ҳар бир Аллоҳнинг яратган махлуқот ва мавжудоти борки, унинг раҳмати ила умрини ўтказади ва айни шу раҳмати ила жаннатга киради. 
Шу ўринда биз мўминларни қизиқтирадиган масала бор. Бошқа дин вакиллари бўлган яҳудий ва насронийлар ҳам Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлганлар қаторига кириб қолади. Чунки, улар ҳам биз иймон келтираётган Аллоҳга иймон келтирадилар. Улар ҳам молларидан ҳайр-эҳсон қиладилар ва улар ҳам Аллоҳ томонидан Пайғамбарларига нозил қилинган Таврот, Забур ва Инжилда келтирилган оятларга иймон келтирадилар. “Бу ҳолатда биз мўминлар билан уларнинг орасидаги фарқ қаёқда қолди”, деган савол ҳам бор. Булардан уммати Муҳаммад с.а.в.нинг фазилатли жиҳати қаерда, зотан, Аллоҳ таоло Қуръонда:
كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ
“Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз”, деб, бу умматни мақтади. Агар ўзга дин вакиллари ва мусулмонлар бирдек Аллоҳнинг раҳмати узра бўлсалар унда бу оятда келтирилган афзалликнинг сабаби нима? Меҳрибон бўлган Аллоҳ бу саволнинг жавобини Аъроф сурасининг кейинги оятида жавобини баён қилди.
الَّذِينَ يَتَّبِعُونَ الرَّسُولَ النَّبِيَّ الْأُمِّيَّ
“(Улар) Саводсиз Пайғамбарга эргашганлар”.
Демак, бошқа дин вакили бўлсин, Аллоҳга иймон келтирган бўлсин, хайр-эҳсонини қилсин лекин, охири замон Пайғамбари Муҳаммад с.а.в.га эргашмас экан, улар ҳам Аллоҳнинг раҳматидан узилган ва ноумиддирлар. Чунки, оятда келган “саводсиз пайғамбар” Расулимиз Муҳаммад с.а.в.га берилган таърифдир. 
Хулоса шуки, ким бўлишидан қатъий назар, токи охири замон Пайғамбари Муҳаммад с.а.в.га эргашмаса у инсон ҳам худди шайтон мисолида Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлади. Аллоҳдан сўрайдиганимиз ушбу уммати Муҳаммад с.а.в. номига барчамизни  муносиб айласин ва шу ном билан Расулуллоҳ с.а.в.нинг шафоатларига дохил бўлиб жаннатларга киришимизни насиб этсин. Аллоҳнинг раҳматидек буюк фазилатдан ҳеч бир уммати Муҳаммад с.а.в.ни жудо этмасин.
Миршод Саидов,
Бухоро шаҳар “Масжиди Баланд”
жомеъ масжиди имом-хатиби

 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:35
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram