Рамазон - Қуръон ойи
31 март 2022 й.
319 марта ўқилди.

Рамазон - Қуръон ойи

Рамазон ойи бир қанча номлар билан номланади. Мисол тариқасида: “раҳмат ойи”, “тақво ойи”, “барака ойи”, меҳр-муҳаббат ойи”, “садақа ойи”, “савобларни қўлга киритиш ойи”, “мағфират ойи” ва албатта “Қуръон ойи” деган номларни келтиришимиз мумкин. Бу ойда кўплаб инсонлар Қуръон тиловати билан машғул бўладилар. Чунки бу ой Қуръон нозил бўлган ойдир.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади;

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. 
(Бақара сураси, 185-оят)

Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиш суннат амаллардан биридир. Уни тиловат қилиш ҳам, шу тиловатни эшитиш ҳам улуғ ибодатдир. Ҳадиси шарифда;
“Сизларнинг энг  яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатганингиздир” дейилади. 
(Бухорий ривояти)
Шу ўринда ўтган уламоларимизнинг Рамазон ойида Қуръони карим тиловатига катта эътибор қаратганликларини кўришимиз мумкин. Хусусан, Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи ҳолида:
 - “У фақир ва ўта сабрли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” - деганлар.
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ан-Насавий: мен Абу Бакр ибн Ҳадоднинг шундай деган гапини эшитдим деди:
 - “Мен имом Шофеъийдан устози Робиъ Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилар эди деган гапини ўзимга олдим. Мени энг қодир бўлганим 59 та хатм бўлди, Рамазондан бошқа вақтларда эса, 30 маротаба хатм қилар эдим”.
“Сияру аъламун-Нубала” китобида шундай хабар келади: Салом ибн Абу Мутиъ:
 - “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса, уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди” деди.
“Тарихи Боғдод” китобида  келишича Халифа Маъмун Рамазонда ўттиз уч маротаба Қуръонни хатм қилган экан.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича  Ибн Сирин Рамазонда тунлари ҳеч ухламас экан.
Тариху Бағдодда келишича Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий) ҳар куни кундузда бир маротаба хатм қилар эди. Таровеҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эди.
Насж ибн Саиддан ривоят қилинади:
 - “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлса, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг дўстлари жамланар эди. Имом Бухорий уларга намоз ўқиб берар, Қуръонни хатм қилгунча ҳар ракатда йигирма оятдан ўқир эди. Саҳарда эса, Қуръонни ярми ёки учдан бирини ўқир эди. Ҳар уч кечани саҳарида бир хатм тугар эди. Кундузлари бўлса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди. У зот кундузги хатмларини ифтор вақтида тугатар ва “Ҳар бир хатм тугашида битта ижобат бўлгувчи дуо бор” дер эди.
Шу ўринда, мустақилликннинг илк йилларини эсга олайлик. Масжидларимизда хатми Қуръон қилиш учун қорилар етишмас, Рамазон ойида Миср, Туркия каби давлатлардан қорилар келар эди. Қисқа вақт ичида истиқлол шарафи ила, ўзимиздан қорилар етишиб чиқди. Нафақат ўзимизда балки қўшни Россия, Украина, Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари каби давлатларга бориб хатми Қуръон қилиш учун  қориларимиз таклиф этилмоқда. Қориларимиз у жойдаги мусулмонларга Қуръони Каримни тиловат қилиб, юртимиз шаънини кўкларга кўтармоқдалар. Бу йил мингдан ортиқ жоме  масжидларимизда хатми Қуръон қилинаётган бўлса, уларнинг ҳаммасида ўзимиздан етишиб чиққан ёш қориларимиз қатнашмоқдалар.
Аллоҳ таоло барчамизни улуғ ажру савобларга эриштирсин.
 

Ромитан тумани "Хокимулломир" жомеъ масжиди имом-хатиби: Ғолиб Муротов. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:35
Куёш: 05:20
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:05
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram