БАҲОУДДИН НАҚШБАНД КАМОЛОТИДАҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ ТУТГАН ЎРНИ (2-қисм)
240 марта ўқилди.

 

 БАҲОУДДИН НАҚШБАНД КАМОЛОТИДАҲАКИМ ТЕРМИЗИЙНИНГ

ТУТГАН ЎРНИ

(2-қисм)

Ҳаким Термизийнинг валийлик масалаларига бағишланган “Хатм ул-авлиё” асари жуда машҳур бўлган. Асарда у авлиё ва пайғамбарларни таққослайди, улар ўртасидаги ўхшашликлар ва фарқларни баён этади. Унинг фикрича, авлиёларнинг ҳам хатми ва муҳри бўлади. Муҳр авлиёнинг мукаммаллигидан далолат беради, лекин ҳамма авлиё ҳам бу даражага етган эмас. Валийларнинг ўзлари ҳам маълум пағоналарда туришлари билан фарқланадилар. Аллома уларнинг олийсини “Қутб” деган ном билан юритади. Ана шу қутб даражасига етган авлиёларнинг хатми ўтказилиши ва муҳри бўлганлиги таъкидланади. 
Нақшбандия таълимотига кўра, “Валий қалби маъдани анвори жалолдир. Валий юзидаги нур ва латофат валий қалбидаги ана шу анвордандир. Ул нурнинг акси валийнинг сиймосидан зоҳир бўлур ва ҳар ким унинг юзига назар айласа, ул киши Ҳаққ таолони ёд этар ва унинг зикрига машғул ўлур”. 
Баҳоуддин инсон камолоти масаласига эътибор бериб, "валий"лар масаласини махсус тадқиқ этди. Салоҳиддин Ибн Муборак ал Бухорийнинг "Анис ат - толибин ва уддат-ус-соликин" асарининг биринчи қисми "Дар маърифати валояти валий" ("Валийлик валояти маърифатига доир" ) да таъкидланишича, "валоят нурдан иборатдир". Бу нур Тангри инояти ила ибоднинг қалбини тўлдиради ва натижада исломнинг ҳақиқий нури яқинида жамол кўрсатади. Асарда таъкидланмоқдаки, валоят даражасига етишда Тангрининг инояти шарт. Илоҳий нур-нур ал-яқин - аниқ, тўғри нур бўлгани ила бошқа нурлардан фарқ қилади, шу нур, ила тўлган қалб - валий қалби бўлади. Унга Ислом ўзининг ҳақиқий кўринишида намоён бўлади.
Шунингдек, бу таълимотда валийларга муносиб хусусиятлардан бири сифатида ҳатто бу таълимот ва валийлар суҳбатига мушарраф шахснинг ўзидаги башарий истаклардан воз кечиб, малакий даражали сифатларга эга бўлиши ҳам иншо этилган. Валий суҳбатига мушарраф шахс ўзидаги гил - тупроқ ва сувдан тузилган тана истакларидан воз кечади ва юксалади. ҳақиқий валий суҳбатига етишган шахс қалби сокин, соф, пок бўлиб, сув - гил заҳмати¬дан қутулиб юксалади ва тавҳидни англай боради, лекин сохта авлиёлар билан суҳбатлашиб, сенда башарий истаклардан қутулиш каби сифатий ўзгариш бўлмаса, ундай кишилардан тезроқ қочиш керак, деган фикрни уқтиради.Мўминлик даражасининг ниҳояси - авлиёлик даражаси деб,ундан сўнг шуҳадо, сидиқо, анбиёву расул, анбиё ул-аъзам ва охири ниҳояси бўлмаган даража мустафо, деб айтилади.
Нақшбандия таълимотига кўра, уларда валийлик даражасига етганлар иккига бўлинади. Биринчиси - муршид раҳбарлигида риёзат чекиб, қалбини софлаган ҳолда шу даражага етганлар. Лекин булар учун ўз башарий истакларини ўлдириш жуда қийин кечади. Иккинчиси-Тангрининг ўзи уларни тарбия қиладиган кишилар. Ҳозирги илмий тил билан айтганимизда, валийларнинг бу даражасида латиф қувват - биоэнергия майдони бемалол олам қувват-ахбор қатлами билан алоқа қилишга қодир бўлади. Шунинг учун ҳам улар ўзгалардан ажралиб турадилар.Валийлар илҳом орқали илоҳий нурни кашф этсалар, анбиё ваҳий орқали Тангри сўзларидан баҳраманд бўлади. Демак, Ҳаким Термизий Баҳоуддин Нақшбанд учун руҳий устоздир ва унинг асарлари нақшбандия таълимоти учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Нақшбандия таълимотидаги валийлик тушунчаси ҳакимия тариқатидаги ғояларга асосланган.
 

БухДУ таянч доктаранти Хаитов.Л.А 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:50
Куёш: 05:33
Пешин: 13:10
Аср: 18:10
Шом: 19:50
Хуфтон: 21:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram