Анъанавий Нақшбандхонлик
18 сентябр 2021 й.
1137 марта ўқилди.

 
Анъанавий Нақшбандхонлик

Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритганидан кейин миллий меросга муносабат тубдан ўзгарди.
Хусусан, илгари қатағон қилинган диний руҳдаги меросга меҳр-муҳаббат кўзи билан боқа бошладик. Ҳаёти ва фаолияти диний-тасаввуфий йўналишда бўлган улуғ аждодларимизга юз бурдик.
Шу йўналишдаги улуғ боболаримиздан биринчи бўлиб таваллуд тўйи нишонлангани ‒ Хожа Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий эди. 1993 йилнинг сентябри учинчи жума куни бу зоти шариф таваллудининг 675 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Бухоро вилояти ҳокимининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 11 январдаги “Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳини таъмирлаш, тузатиш ва ободонлаштириш тўғрисида”ги баёни ҳақида” 1994 йил 4 февралидаги  17-қарори 4-бандида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, “Ўзбектуризм” миллий компанияси, тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда ҳар йили сентябрь ойининг учинчи пайшанба-жума кунлари бўладиган Баҳоуддин Нақшбанд зиёрати маросимини юқори даражада ўтказиш” кўзда тутилган эди. Ана шу қарор асосида ўша 1994 йилдан бошлаб ҳар йили сентябрь ойида анъанавий тарзда нақшбандхонлик Республика илмий-амалий анжумани ўтказиб келиняпти.
Бу йилги 28-анъанавий анжуман “Нақшбандия тариқатининг мусулмон Шарқи иккинчи ренессансидаги ўрни ва аҳамияти” мавзусида бўлиб ўтди. Уни Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази, Ўзбекистон  мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорликда ташкил этди.
Онлайн тарзда ўтказилган бу анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори, тарих фанлари номзоди, доцент Иброҳим Усмонов, таниқли шоир, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази бўлими мудири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек, Бухоро давлат университети профессори, тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраев, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти “Этнология ва антропология” маркази таянч докторанти Шавкат Бобожонов, фантаст ёзувчи, физика-математика фанлари номзоди Озод Мўмин, Бухоро вилояти бош имом хатиби Жобир Элов, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом хатиби, Мир Араб мадрасаси мударриси Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Комилжон Раҳимов, Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази раиси Карим Ҳайитов ва бошқалар маъруза ва нутқлари билан иштирок этди.
Мирзо Кежабек, Мустақим Жумаев каби шоирлар ирфоний руҳдаги шеърларидан ўқиди.
Илмий-амалий анжумандаги маърузаларда Бухорода тасаввуф тариқатларининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, тариқатга пешволик қилган авлиёлар,  хожагон-нақшбандия тариқатида шариатга муносабат, “Туҳфат уз-зоирин” асарининг нақшбандия тариқати шайхлари бўйича муҳим манба экани, Бухородаги зиёратгоҳлар ҳақида маълумот берувчи етти пир мобил иловаси моҳияти, етти пир меросига муносабатнинг маънавий-маърифий аҳамияти, қадим Бухорода ўтган етти пир, хаттотлик санъатининг тасаввуф билан боғлиқ жиҳатлари, нақшбандия ‒ Бухоро тасаввуф мактаби маҳсули сифатида каби муҳим-муҳим мавзулар атрофлича ёритилди.
Анжуманда сара маърузалар матнларини “Нақшбандия” илмий-ирфоний, адабий-маърифий журнали саҳифаларида чоп этиш тавсия этилди.

Султонмурод ОЛИМ,
илмий-амалий анжуман модератори, “Нақшбандия” журнали бош муҳарири, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими. 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:07
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram