Бухорода отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди
16 сентябр 2021 й.
1178 марта ўқилди.

Бухорода отинойилар учун ўқув-семинар ташкил этилди     

 

Отин — аёл-қизлар ўқитувчиси, дин ва шариат билимдони, шунингдек аёллар ўртасидаги диний маросимларга бошчилик қиладиган, халқ орасида катта обрў-эътиборга сазовор бўлган кайвони аёл. Ҳатто «отин» сўзи маърифатпарвар аёлларни ҳурматлаб, исмига қўшиб ҳам айтилган. Улар Қуръони карим қироати, тафсир, пайғамбарлар тарихи, халқ оғзаки ижодини яхши билишган. Бугунги кунда отинойиларнинг вазифалари доираси жуда кенгайган. Улар нафақат диний билимлар эгаси, балки юртимизда кечаётган ижобий ўзгаришлар, иқтисодий, таълим ва бошқа соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, жамиятимиз маънавий, диний ҳаётида кечаётган ўзгаришларнинг фаол иштирокчисига айланиши лозим.

Шу мақсадда отинойилар фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг билимларини ошириб бориш мақсадида ўқув-семинарлари ташкил этилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллигининг тадбирлар режасига мувофиқ вилоятда сертификат асосида фаолият олиб бораётган отинойиларнинг билим савиясини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш ҳамда жамоат ишларидаги фаоллигини янада оширишга қаратилган ана шундай ўқувлардан навбатдагиси, бугун, 16 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги туризм техникумида  ўтказилди.

Бухоро вилоят ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган ўқув семинарни Бухоро вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Эркин Мажидов очиб берди.

— Бугун келажак тарбиячилари – аёлларнинг, опа-сингилларимизнинг таълим-тарбиясига эътибор ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бормоқда, – дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари. – Чунки ёшлар тарбиясида кузатиладиган бўшлиқни дарҳол “тўлдирадиган” кучлар пайт пойлаб юрганини яхши биламиз. Улар бундай имкониятлардан шундай устомонлик билан фойдаланишадики, афсуски, бунинг аччиқ хотиралари ҳали-ҳамон юрагимизни тирнайди. Шу боис аёлларнинг фарзандлар тарбиясига эътиборини янада кучайтириш зарур.

Семинарнинг асосий қисмида дастлаб Ўзбекистон мусулмонлар идораси Бухоро вилояти вакили, бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Г.Юнусова Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йили мобайнида диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсидан келиб чиқадиган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида сўнгги 5 йил давомида мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг самараси, эришилган ютуқлар шунчалик самимият ва равон тилда тушунтириб берилганки, соғлом фикрли ҳар бир инсон юрагига, қалбига етиб боради.

Айниқса, Президентимизнинг ташаббуси билан 5 маротаба “Меҳр” операцияси доирасида дунёнинг турли нуқталарида бўлаётган уруш ўчоқларидан неча-неча ҳамюртларимиз, аёллар ва болаларнинг юртимизга олиб келиниши, улар учун муносиб турмуш шароити яратиб берилиши — оқибат, меҳр кўрсатилгани яқин ва узоқ тарихда кузатилмаган инсонпарварлик намунаси бўлганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Вилоятимиз миқёсида айтадиган бўлсак, яқиндагина “Вилоят маънавий, диний-маърифий маслаҳат маркази”нинг ташкил этилганлиги Бухоро тажрибасининг янги кўриниши бўлди. Ушбу марказда ҳозирга қадар 50 дан ортиқ оилалар турли масалаларда мурожаат қилиб, ўз муаммоларини ҳал этишда керакли маслаҳатларни олишди.

Семинар давомида Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Бухоро вилояти вакили, бош имом-хатиб Ж. Элов “Эрта турмушга беришни ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳни олдини олишда маҳаллаларда ота-оналарнинг масъулиятини оширишда отинойиларнинг ўрни”, Бухоро вилоят прокурорининг хотин-қизларни ижтимоий психологик қўллаб-қувватлаш штаби 2-сектор психологи А. Гадоева “Хотин-қизлар орасида индивидуал психологик ёрдамга муҳтож аёллар билан ишлаш йўналишлари ва услублари” ҳамда Бухоро шаҳар ИИО ФМБ Хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, М. Насибуллаева “Маънавий-маърифий тарбияга муҳтож оилалар (мутаассиб хотин-қизлар,ёшлар)билан ишлаш” каби мавзуларида маърузалар қилишди.

Кун тартибига қўйилган масалалар юзасидан маърузачилар ҳозирги кунда мамлакатимизда ижтимоий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, шунингдек диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ижобий ишлар, мўмин-мусулмонлар учун ташкил этилаётган имкониятлар ҳақида тўхталар эканлар, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, соф Ислом таълимотини тарғиб қилишда диний соҳа ходимларининг, хусусан, отинойиларнинг ўрни ҳақида баён қилдилар.

Семинар давомида тренинглар ҳам ташкил этилди, савол-жавоб, дебат усулларидан фойдаланилди. Шунингдек, отинойиларнинг мавжуд муаммолар юзасидан берган саволларига жавоблар берилди, фикр-мулоҳаза ва таклифлари тингланди. 

Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси
 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:07
Пешин: 13:10
Аср: 16:15
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram